Ўрганишлар давомида истеъмолчида қарздорлик мавжуд эмаслиги маълум бўлди
Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг «Фурқат» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи А.Т.нинг хонадонидаги мавжуд тармоқ орқали ичимлик сув истеъмоли тўловларини тўлаб келаётган бўлсада, “Фарғона сув таъминоти” АЖ Тошлоқ туман филиали томонидан 2 500 000 сўм қарздорлик ҳисобланганидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишда мурожаатчи таъкидлаганидек, хонадонга ичимлик суви учун сув ҳисоблагич ускунаси ўрнатилган ва ишчи ҳолатда. Фуқаро ишлатилган сув ҳаққини ўз вақтида тўлаб келмоқда ва бунинг асослари истеъмолчида мавжуд бўлишига қарамай филиал мутахассислари 21.07.2025 йил куни унинг ичимлик сувидан 2 500 000 сўм қарздор эканлигини айтишган.
Шу боис «Фарғона сув таъминоти» АЖ Тошлоқ туман филиалига сўров хати киритилиб, ушбу масала батафсил ўрганилди. Унга кўра филиал томонидан жамиятимизга юборилган жавоб хатида билдирилишича, хонадонга тортилган ичимлик сув тармоғи линияси 1 та бўлиб, бу тармоққа 2 та сув ҳисоблагич ўрнатилганлиги аниқланган. Назоратчи хонадонга борганида унга 2-сув ҳисоблагич кўрсатилган бўлиб, у текширилганда Биллинг дастурига киритилмаганлиги сабабли юқоридаги ҳолат вужудга келган. Олиб борилган ўрганишлар давомида 1-сув ҳисоблагич Биллинг дастурига уланганлиги, фуқаронинг ишлатилган ичимлик сувидан қарздор эмаслиги аниқланди ва 2-сув ҳисоблагич ускунаси мутахассислар томонидан олиб ташланди.
Ҳуснидахон Якубова,
жамият мутахассиси.
(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)
Post Comment