Идишлар тўплами учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилди

Идишлар тўплами учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилди

Тошлоқ туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Фарғона шаҳрилик С.Ҳ.нинг “Узум” маркет хизматидан норози бўлиб, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи “Узум” маркет иловаси орқали нархи 700 000 сўм бўлган идишлар тўпламини буюртма қилиб, буюртмани 13.07.2025 йил куни “Узум” маркетнинг Тошлоқ туманида жойлашган тарқатиш пункти орқали қабул қилиб олади. Аммо маҳсулотларни кўздан кечирганда уларда нуқсонлар (дефект) борлигини аниқлагач, тарқатиш пунктига қайтариб олиб келиб, пулини қайтаришларини сўрайди ва бу борада иккинчи томон билан муросага кела олмагач Федерация ишонч телефонига мурожаат қилади.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида “Узум” маркет масъулларига амалдаги қонунчилик талаблари, хусусан истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари борасида тушунтиришлар берилиб, тегишли хат киритилгач, масала ижобий ечим топиб, дефектли чиққан идишлар тўплами учун тўланган 700 000 сўм маблағ истеъмолчининг пластик картасига қайтариб тушириб берилишига эришилди.

Ҳуснидахон Якубова,
жамият мутахассиси.

(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin