Бурғулаш ускунаси носозликлар сабаб сотувчига қайтарилди

Бурғулаш ускунаси носозликлар сабаб сотувчига қайтарилди

Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Қўштепа туманилик А.Б.нинг 2 700 000 сўмга сотиб олинган бурғу (сверло)даги нуқсон сервис марказида бир марта бепул бартараф этиб берилган бўлсада, унда яна носозликлар кузатилаётгани, сотувчи томони мазкур муаммони қонуний бартараф этиб берилишига совуққонлик билан қараётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.

Истеъмолчи сўзларига кўра, темир буюмларни тешиш учун ишлатиладиган бурғу ускунаси жорий йилнинг март ойи охирларида Қумтепа буюм бозоридан харид қилинган бўлиб, сотувчи олди-сотди жараёнида бурғу ёрдамида қандай материалларни тешиш мумкинлигини расмларда кўрсатиб, сифатини мақтаб, ундан узоқ йиллар фойдаланиш мумкинлиги ҳақида айтганидан сўнг сотиб олган. Лекин ускуна орадан бир ҳафта ўтибоқ “иш кўрсатган”. Сотувчига носозлик ҳақида айтилганида унга сервис марказига мурожаат қилиш тушунтирилган. Сервис маркази томонидан апрел ойи бошларида тузатиб берилган бурғу май ойига ўтиб яна ишдан чиққан. Истеъмолчининг сервис марказига бу сафарги мурожаатига эса қачонки эҳтиёт қисмлар етиб келсагина тузатиб берилиши айтилган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, кафолат муддатида топилган нуқсонлар “қачонки эҳтиёт қисмлар етиб келса” эмас, балки сотувчи томонидан истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи томонидан эса, ўн кун ичида бепул бартараф этилиши лозим. Акс ҳолда, истеъмолчининг қонуний талабини бажариш кечиктирилган ҳар бир кун учун, шунингдек, нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун сотувчи товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлайди.

Мурожаат ўрганилиши жараёнида қонуннинг мазкур талаблари сотувчига тушунтирилганидан сўнг, сотувчи томони нуқсонли твоарни қайтариб олиш ва истеъмолчига 2 700 000 сўм пулини қайтариб бериш юзасидан қарор қабул қилди. Истеъмолчига пул маблағи тўлиғича қайтарилиб, унинг қонуний ҳуқуқлари тиклаб берилди.

Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.

(фото сунъий интеллект ёрдамида тайёрланди)

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin