Нуқсонлари бепул бартараф этиб берилиши пайсалга солинган музлатгич янгисига алмаштирилди
Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Тошкент тумани Келес шаҳарчасида яшовчи Х.Ш.нинг товар шартнома қийматини бўлиб тўлаш шартларида 11 837 440 сўмга харид қилинган музлатгичда аниқланган нуқсонлар ва уларни сотувчи томонидан бепул бартараф этиб бериш билан боғлиқ масалада юзага келаётган муаммолар юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, музлатгич 2024-йилнинг декабр ойида бўлиб тўлаш шарти билан Келес шаҳарчасида жойлашган “БАРАКА” савдо дўконидан кафолат муддати билан сотиб олинган ва истеъмолчининг хонадонига ўрнатилиб фойдаланиб келинган, лекин орадан 5 ой ўтиб унда нуқсон вужудга келган. Бу масалада сотувчига мурожаат қилган истеъмолчи сервис марказига йўналтирилган. Сервис марказига қилинган мурожаатга эса мазкур русумдаги музлатгичнинг нуқсонини бартараф этиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ҳозирда мавжуд эмаслиги, эҳтиёт қисмлар етиб келгачгина нуқсон бепул бартараф этиб берилиши мумкинлиги маълум қилинган. Бу жавоб эса истеъмолчини қониқтирмаган.
Федерация тизим ташкилотлари томонидан мурожаатни ўрганиш давомида музлатгични ишлаб чиқарувчидан тўғридан тўғри етказиб берувчи корхона Марғилон шаҳрида жойлашганлиги сабабли уни ўрганиб чиқиб ҳал қилиниши учун Федерациянинг Марғилон шаҳар жамиятига йўналтирилди. Жамият ходимлари томонидан мурожаат ўрганилиши жараёнида сотувчи томонига қонун тарғиботи олиб борилиб, истеъмолчининг талаблари етказилди. Олиб борилган музокаралар натижаси билан нуқсонли эканлиги даъво қилинган музлатгични худди шу русумдаги янги музлатгичга алмаштириб берилди ва истеъмолчининг ҳуқуқи тикланди.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.
Post Comment