Марғилон ва Қувасой шаҳарларидаги тиббиёт муассасаларида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди
Федерациянинг Фарғона вилоятидаги туман (шаҳар) жамиятлари томонидан давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик тарғиботи, уларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш йўналишидаги тарғибот тадбирлари режали асосда давом эттирилмоқда. Марғилон ҳамда Қувасой шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари томонидан тиббиёт ходимлари билан юзма-юз мулоқот шаклида ташкилланган тадбирлар шулар жумласидандир.
Марғилон шаҳри
Марғилон шаҳар Болалар шифоxонаси ходимлари иштирокида ташкилланган тадбирда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик асослари, қонунчиликка киритилган сўнгги қўшимча ва ўзгартиришлар, Федерация ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг соҳага оид ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш, ички бозорда сотилаётган истеъмол товарлари ва кўрсатилаётган хизматларнинг зарур сифати ва хавфсизлигини, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бошқа талабларини таъминланишини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш натижалари юзасидан атрофлича маълумотлар бериб ўтилди.
Шунинг билан биргаликда, жамият ходимлари интернет технологиялари ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бораётганлиги, бу эса ҳар биримиздан ундан тўғри ва самарали фойдалана олиш кўникмаларини талаб қилишидан келиб чиққан ҳолда, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган турли хабарлар ва реклама материаллари, фейклар, интернетдаги фирибгарлик, медиасаводхон бўлиш, онлайн платформалар орқали савдо амалиётларини ҳамда турли мобил иловалар орқали тўловларни амалга оширишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар юзасидан ҳам тушунтириш ишларини олиб бордилар.
Қувасой шаҳри
Қувасой шаҳар “Пастки Мўян” оилавий шифокорлик пунктида тиббиёт ходимлари иштирокида ташкилланган тарғибот тадбирида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик мазмун-моҳияти, соҳага оид янгиликлар, қонун ижросини таъминлашда давлат ва нодавлат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик, қонунчилик ҳужжатлари ижроси устидан олиб бориладиган жамоатчилик назоратининг тутган ўрни ва аҳамияти каби масалаларда фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Юқоридаги тадбирлар доирасида тиббиёт соҳаси ташкилотлари билан йўлга қўйилган ижтимоий шериклик ва ҳамкорлик алоқалари алоҳида эътироф этиб ўтилиб, тадбир иштирокчиларининг истеъмолчилик соҳасини тартибга солишга оид қонунчиликни янада ривожлантириш масалаларидаги таклифлари тингланди ҳамда саволларига жавоблар қайтарилди.
Post Comment