Нуқсонли товар алмаштириб берилди
Ёзёвон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Тошҳовуз” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи А.И.нинг 185 000 сўмга харид қилинган оёқ кийими хонадонга келтирилиб кийиб кўрилиши жараёнида нуқсон аниқлангани сотувчи уни алмаштириб бермаётганлиги тўғрисидаги мурожаати ўрганилди.
Аввало шуни таъкидлаб ўтиш ўринлики, амалдаги қонунчиликка кўра оёқ кийимлари алмаштириладиган товарлар туркумига кириб, улар нафақат нуқсони аниқланган ҳолатларда, балки нуқсони бўлмаса ҳам харидор томонидан сотиб олингандан сўнг унинг қандайдир истеъмол хусусиятлари (ўлчами, ранги, фасони ва б.) мос келмаганлиги важи билан алмаштирилиши мумкин. Фақат бунда товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, қадоғи билан қайтарилган бўлиши, унинг истеъмол хусусиятлари сақланган ва ушбу сотувчидан сотиб олганлигини тасдиқловчи асослар бўлиши талаб этилади. Бизнинг мисолимиздаги оёқ кийимида эса нуқсон аниқланган ва у ўз-ўзидан қонуннинг истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда сотувчи томонидан амалга оширилиши лозим бўлган ҳаракатлар, тартиб ва муддатлар ичида алмаштириб берилиши лозим бўлади.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчи Ж.Ж.га бу ҳақда тушунтиришлар берилганида, у қонун талабларини тўғри англаб етгани ҳолда, истеъмолчининг қонуний талабларини қаноатлантириш йўлини тутди ва нуқсонли оёқ кийимини бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб бериб, юзага келган муаммони бартараф қилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
Post Comment