Истеъмолчиларга сотилаётган маҳсулотлар мақбул сифатда бўлиши лозим
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида “Қўрғонча” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Р.М. туман марказидан харид қилинган синтепон (кўрпа-тўшак ва бошқа буюмларни ичига солиш учун ишлатиладиган сунъий материал) сифати яхши чиқмаганлиги ва уни сотувчидан алмаштириб олишнинг имкони бўлмаётганлиги тўғрисида қилган мурожати ўрганилди.
Истеъмолчининг сўзларига кўра, у жами 6 килограмм синтепонни ҳар бир килограммини 25 000 сўмдан 150 000 сўмга харид қилган. Маҳсулотни уйига олиб келганида хонадонидагилар синтепондан қандайдир ёқимсиз ҳид келаётганлигини, буни одам бошини қўйиб ётадиган ёстиқлар учун ишлатиб бўлмаслигини айтишади. Истеъмолчининг қайтиб келиб, шу масалада сотувчига эътирозини билдириб, у билан олиб борган мулоқотидан эса кутилган натижа чиқмаган.
Туман жамияти мутахассиси томонидан мурожаат асосида ушбу маҳсулотларни сотиш фаолияти билан шуғулланаётган М.О. билан учрашилиб, ундан юзага келган ҳолат юзасидан тушунтириш бериши сўралганда, сотувчи савдога қўйилган мазкур турдаги маҳсулот тўпламини қайта кўздан кечириб чиққанлигини, ҳақиқатан ҳам маҳсулот ичидан 10 кг атрофида истеъмолчи шикоятида келтирилганидек ёқимсиз ҳид келиб турган қисми чиққанлиги ва истеъмолчининг маҳсулотини мақбул сифатдагисига алмаштириб беришини маълум қилди. Шу кунни ўзида маҳсулот мақбул сифатдагисига алмаштирилиб, истеъмолчини қийнаб турган муаммо барҳам топди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.
Post Comment