Кафолат муддати сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи)нинг истеъмолчига ҳақиқий муносабатини ҳам синовдан ўтказадиган даврдир
Амалдаги қонунчиликка кўра, узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга кафолат муддати белгиланиб, кафолат муддати мобайнида товар (хизмат)ларнинг, шу жумладан, бутловчи буюмларнинг нормал ишлаши (қўлланилиши, улардан фойдаланилиши) таъминлаб берилиши шарт. Ушбу талабларни бажарилмаслиги, унга эътиборсизлик билан қараш, нуқсон юзага чиқишида истеъмолчининг айби бўлмагани ҳолда, айбни унга ағдаришга уринишлар… буларнинг барчаси ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)ларнинг имиджига салбий таъсир этиб, уларга нисбатан истеъмолчилар ишончини йўқолишига олиб келади.
Қўштепа туманида истиқомат қилувчи М.А. Марғилон шаҳридаги “Ипакчилар буюм бозори” ҳудудидан Х. исмли сотувчидан 11 000 000 сўмга “OMAX” русумли сув пуркаш мосламасини бир йиллик кафолат муддати билан сотиб олган. Ундан фойдаланишининг биринчи ҳафтасидаёқ мосламада ортиқча қизиб кетавериш аломатларини сезганидан сўнг бу ҳақда сотувчига айтган. Ундан “Қўрқмасдан ишлатаверинг, ўзи шунақа бўлади”, мазмунидаги жавобни олганидан сўнг ишлатиб келиб, орадан бир ярим ой ўтгач ҳақиқатда нуқсон юзага чиққан. Бу сафарги боғланишда сотувчи уни туманнинг Қумтепа қишлоғидаги устага бориб учрашишини айтади. Уста томонидан бепул таъмирлаш ишлари бажарилиб, мосламадан яна фойдаланиб келиши жараёнида бир-бир ярим дақиқа ишлаб ўчиб қолаверадиган шаклда носозлик кузатилади. Истеъмолчининг бу сафарги қайта-қайта қўнғироқларига эса сотувчи томонидан жавоб бўлмайди.
Мурожаатни Марғилон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида сотувчи топилиб, унга ҳолат тушунтирилганидан сўнг, сотувчининг саъй-ҳаракатлари билан истеъмолчи хонадонига уста юборилиб, мосламада юзага келган нуқсон ўрнида бепул бартараф этиб берилишига эришилди.
Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.
Post Comment