Эркин нархлар шароитида танлов ҳуқуқимиздан ўринли ва самарали фойдаланайлик
Бувайда туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида туманнинг “Беглар” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи С.О.нинг туман марказидаги кийим-кечак бозоридан фарзанди учун харид қилган кийимни пулини қайтариб олиш борасида сотувчига қилган мурожаати қаноатлантирилмаганлиги, масалани қонуний ўрганиб чиқиб ҳал қилиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилган мурожаати ўрганилди.
Истеъмолчига кўра, у туман маркази Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган кийим-кечак бозорида савдо фаолияти олиб бораётган сотувчидан фарзанди учун 130 000 сўмга юбка сотиб олган. Харид қилиниб олиб кетилган юбка фарзандига бироз мос келмагани сабабидан уни шу кунни ўзида дўконга қайтариб олиб келган ва пулини қайтариб берилишини сўраган истеъмолчининг талаби бажарилмаган. Вазиятга туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси аралашуви билан юбка сотувчи томонидан қайтариб олиниб, пул истеъмолчига қайтарилган бўлсада, истеъмолчи мурожаатидаги бир ҳолатга эътиборингизни қаратишни лозим топдик. Хусусан, истеъмолчи мурожаатида “худди шундай юбкалар бошқа дўконда арзон сотилаётгани”ни ҳам товарни қайтаришга асос бўлувчи важ деб ҳисоблайди. Лекин амалдаги қонунчилик ва бозор иқтисодиёти шароитидаги савдо тартиб-қоидалари буни қонунбузилиши ҳолати деб ҳисобламайди. Бир хил товар учта дўконда уч хил нархда сотилиши мумкин. Бир хил товарга нисбатан истеъмолчиларнинг талаби ортиши ва ушбу талаб тегишли таклиф билан мувозанатга келтирилмаслиги ортидан нархлар ошиши ёхуд бозорга бир хил турдаги товарни талабга нисбатан ортиқча таклиф қилиниши ортидан нархлар пасайиши ҳам мумкин. Бозор иқтисодиёти шароитида нархлар эркин бўлиб, улар бозордаги талаб ва таклиф асосида бошқариб борилади.
Фақатгина ижтимоий аҳамиятга эга бўлган шундай товарлар борки, улар устидан Ҳукумат назорати ўрнатилиб, уларга бирор бир аниқ нарх ёки нархларнинг қуйи ва юқори чегаралари белгилаб қўйилиши, ана шу чегараларни бузишгина қоида бузилиши ҳолати деб эътироф этилиши мумкин. Масалан, монопол соҳа бўлган электр энергияси тарифлари республика бўйича бир хилда қилиб белгиланган бўлса, ичимлик суви учун тўловлар мамлакатнинг муайян маъмурий-ҳудудий бирликлари учун бошқа-бошқа қилиб белгиланган, дори-дармон воситаларининг аксариятига юқори чегарадан ўтиб кетмасликни кўзда тутувчи қоидалар амал қилади. Агар истеъмолчи худди шундай товар (иш, хизмат)лардан бирини харид қилган ва нархлар белгиланган чегарадан ўтиб кетганлик ҳолати бўйича мурожаат йўлласа, ушбу ҳолатда ваколатли идоралар томонидан унинг мурожаати асосида тегишли чоралар кўрилади.
Шу сабабли ҳурматли истеъмолчиларимиздан, бугунги кунда бозордаги аксарият товарларга нисбатан эркин нархлар қўлланилишини, шунинг билан биргаликда худди шундай товарни бир жойнинг ўзида бир неча сотувчи томонидан сотилишини ва сотувчилар ўртасида рақобат, истеъмолчида эса танлов имконияти мавжудлигини инобатга олиб, товарлар сотиб олишда, иш ва хизматларга буюртма беришда ўзларининг танлов ҳуқуқларидан ўринли ва самарали фойдаланишларини сўраб қоламиз.
Асроржон Йигиталиев,
жамият раиси.
Post Comment