Ҳушёрлик ҳар соҳада қўл келади

Ҳушёрлик ҳар соҳада қўл келади

Бугунги кунда ҳар хил шахслар томонидан корхона, ташкилот ва муассасаларга ташриф буюриб, у ерда ишловчи ишчи ходимларни турли онлайн савдо иловалари орқали товарлар сотиб олишга ундаш, турли хил акциялар ва ўйинлар ташкиллаб, фуқаролар номига мазкур иловалар орқали товарларни насияга сотиб олинишини расмийлаштириш ҳолатлари бот-бот учраб турибди. Бу йўл билан товарлар сотиб олган аксарият харидорлар ўз харидларидан қониқиш ҳосил қилаётган бўлсада, уларнинг ичида харидидан қониқиш ҳосил қилмаган ва “хўжаликда асқотиб қолар” деган ўй билан ўзига тасалли бераётган ёки “мени алдашипти” деган важ билан турли идораларга ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилаётганлари йўқ эмас.

Шундай ҳолатлардан бирига дуч келган Марғилон шаҳридаги муассасалардан бирида ишловчи Ф.Р. у ишлаётган ташкилотга келиб ўзини банк ходими деб таништирган шахс унинг номига, “Open shop” онлайн савдо платформаси иловаси орқали, ойига 183 минг сўмдан тўлаб бориш шарти билан идишлар тўпламини насияга сотиб олиш амалиётини расмийлаштиргани, кейинчалик тўплам у ҳоҳлаган марка ва нархдагиси бўлиб чиқмагани ҳақида Федерациянинг Марғилон шаҳар жамиятига мурожаат қилган. Жамият мутахассислари томонидан ўтказилган ўрганишда савдони амалга оширишга кўмаклашган шахс банк ходими эмас, балки шаҳарда фаолият олиб бораётган хусусий фирмалардан бирининг вакили эканлигини аниқланиб, мазкур фирма масъуллари билан олиб борилган музокаралар давомида истеъмолчи Ф.Р. томонидан харид қилинган идишлар тўплами ўзи ҳоҳлаган нарх ва маркадаги тўпламга алмаштирилган. Шунинг баробарида фирма истеъмолчига бонус тариқасида қўшимча товар ҳам совға қилган.

Шу ўринда, истеъмолчиларга қуйидагиларни эслатиб ўтишни жоиз деб ҳисоблаймиз. Кимларнингдир сиз ишлаётган ташкилот, яшаётган маҳаллада, кўча-куйда, транспортда ўзини қайсидир ташкилот, фирма ёки компания вакили деб таништириши ва ҳоҳиш-иродангиздан ташқари турли товарларни зўрлаб тиқиштириши ҳолатларида унутманг:

– аввало, товарларни харид қилишга қизиқмайдиган истеъмолчиларга товарларни зўрлаб тиқиштириш ҳолатларига йўл қўйилмайди, Сизда товарни эркин танлаш ҳуқуқи бор;

– агар харид қилишга қизиқиш билдирсангиз, таклиф қилинаётган товар ҳақида, шунингдек, ушбу товарни сотувчиси ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқингиз бор. Шундан келиб чиқиб, товарнинг хусусиятлари, унинг сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари, кафиллик мажбуриятлари, қолаверса товарни сотувчиси (ишлаб чиқарувчиси) ҳақидаги маълумотларни сўраб-суриштиринг;

– товарни харид қилинганидан сўнг, келгусида турли нуқсонлар келиб чиқса ўз эътирозларингиз билан кимга ва қаерга мурожаат қилишингиз мумкинлигига аниқлик киритиб олинг. Агар Сизга шахсий мобил телефон рақами, ижтимоий тармоқлардаги шубҳали канал, саҳифа ва аккаунтлар берилса, мобил рақам ўчириб қўйилиши, алмаштириб юборилиши, ижтимоий тармоқлардаги шубҳали канал, саҳифа ва аккаунтлар фаолиятини тўхтатиши, ўчириб юборилиши ёки блокланиши мумкинлигини ҳам унутманг. Истеъмолчилардан эътирозларни қабул қилишга мўлжалланган алоқа каналлари (манзил, телефон, электрон почта ва б.) товар ёрлиқларида, сотувчи (ишлаб чиқарувчи)ларнинг расмий сайтларида, шунингдек ижтимоий тармоқлардаги расмий канал ва саҳифаларида кўрсатилиб ўтилади.

Зеро, ҳуқуқини билган ва ҳушёр истеъмолчи доим ҳақ бўлади.

Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin