Сув ҳисоблагичга бир марталик муҳр (пломба) ўрнатилди
Ўзбекистон Республикасининг 22.07.2022 йилдаги “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги ЎРҚ-784-сон қонуни 7-моддасига кўра, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича сифатли хизматлар кўрсатиш ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан биридир. Истеъмолчиларга бу борадаги сифатли хизматлар кўрсатишнинг йўналишларидан бири сифатида эса тегишли ташкилотлар томонидан ичимлик суви тармоғи мавжуд бўлган ҳудудлардаги аҳоли хонадонларида ичимлик сувини сув ҳисоблагич орқали истеъмол қилинишини йўлга қўйиш, сув ҳисоблагичларнинг «Ўзстандарт» агентлигида аккредитациядан ўтган тегишли органлар томонидан текширилган ва пломбаланган бўлишининг назоратини олиб бориш каби ишларни кўрсатиб ўтиш мумкин.
Юқоридаги ишлар ҳудудларда ичимлик суви таъминоти корхоналари томонидан олиб борилиб, бу борадаги ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014-йилдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари” асосида ташкилланади. Жумладан, Қоидаларнинг 71-бандига кўра, сувни ҳисобга олиш асбобининг ўрнатилгани ёки ечилгани ҳақидаги икки томонлама далолатномаларнинг тузилиши ва уларнинг пломбаланиши ИСКХ ташкилоти вакили томонидан бепул бажарилиши белгилаб қўйилган.
Шу ўринда, қонун, қарор ва қоидалар билан соҳа бўйича олиб бориладиган ишларнинг барча икир-чикирларигача белгилаб қўйилган бўлсада, истеъмолчилардан сув ҳисоблагич ўрнатилгандан сўнг унга тегишли ваколатли шахс томонидан пломба қўйиб берилиши ишларини чўзиб юборилаётганидан норози бўлиб мурожаат қилиш ҳолатлари ҳали-ҳануз учраб турибди. Бешариқ тумани “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи О.П.нинг мурожаати шулар жумласидандир.
Ушбу мурожаат Бешариқ туман истеъмочиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида ўрганилиши давомида туман ичимлик суви таъминоти корхонасига сўров хати киритилиб, истеъмолчи хонадонидаги сув ҳисоблагичга бир марталик муҳр (пломба) ўрнатилиши таъминланган бўлсада, Қоидаларнинг 63-бандига кўра, пломбаланмаган ҳисоблаш асбобларини ўрнатиш ва улардан фойдаланиш тақиқланиши, бу эса истеъмолчиларни турли жарима ва ортиқча тўловларга дучор бўлишига сабаб бўлиб қолиши мумкинлигини инобатга олиб, масъуллардан истеъмолчиларнинг бу борадаги мурожаатларига жиддий эътибор қаратишларини сўраб қолар эдик.
Шоирахон Насриддинова,
жамият мутахассиси.
Post Comment