Истеъмолчини бир ой давомида қийнаб келган муаммо ечим топди

Истеъмолчини бир ой давомида қийнаб келган муаммо ечим топди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014-йилдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари”га кўра, фаолият кўрсатаётган ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларига (шу жумладан, сув олиш колонкалари ва ўт ўчириш гидрантлари, уйнинг киритма ва чиқувларига ҳам) ўзбошимчалик билан уланиб олиш, шунингдек, ушбу тизимлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш тақиқланади. Демак, истеъмолчи ушбу тармоққа уланиш, унга сув ҳисоблагич ўрнатилиши каби ишларни амалга оширилиши учун ичимлик сув таъминоти корхонасига мурожаат қилиши ва мазкур корхонадан ваколатли шахсларнинг келиб ишларни бажариб беришини кутишга мажбур.

Бироқ Федерация тизим ташкилотларига келиб тушаётган мурожаатлар ичида истеъмолчилар мурожаат қилишларига қарамасдан тегишли ташкилот масъуллари томонидан юқоридаги ишларни бажарилишини чўзиб юборилиши ёки пайсалга солиниши ҳолатларидан норози бўлиб қилинаётган мурожаатлар ҳам бор. Жумладан, Тошлоқ тумани “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ю.Ғ.нинг мурожаати шулар жумласидан бўлиб, Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига қилинган ушбу мурожаатда ичимлик сув таъминоти ташкилоти ходимлари томонидан сув ҳисоблагич бир ой аввал бериб кетилган бўлсада, шу кунга қадар ўрнатиб берилмаётганидан норозилик билдирилган.

Туман жамияти томонидан мазкур масалада ичимлик сув таъминоти корхонасига сўров хати киритилиши билан истеъмолчи хонадонида ичимлик сув ҳисоблагичи ўрнатиш жойининг монтаж ишлари амалга оширилиб, сув ҳисоблагич тегишли тартибда ўрнатилди ва фойдаланишга топширилди.

Маълумот учун:

Қоидаларга кўра,

– жисмоний шахсларнинг сувни ҳисобга олиш асбобини текширишлар оралиғи – 8 йилни ташкил қилади;

– сувни ҳисобга олиш асбобининг ўрнатилгани ёки ечилгани ҳақидаги икки томонлама далолатномаларнинг тузилиши ва уларнинг пломбаланиши бепул бажарилади.

Ҳуснида Якубова,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin