Низоли масала истеъмолчи фойдасига ҳал бўлди
Амалдаги қонунчиликкка кўра, ижрочи шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт бўлиб, агар ижрочи шартномани ижро этишга ўз вақтида киришмаса ёки шартноманинг белгиланган муддатда бажарилмаслиги аён бўлиб қолса, истеъмолчи ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартномадан воз кечишга ва етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Риштон туманида ҳам худди шунга ўхшаш ҳолатлардан бири содир бўлган.
Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Д.Т. томонидан қилинган мурожаатда у хонадонига тунукафон ўрнатиш мақсадида усталарга буюртма бергани ҳамда олдиндан 18 000 000 сўм тўловни ҳам амалга оширгани, буюртма 6 кун ичида тайёр бўлиши ваъда қилинган бўлсада, белгиланган муддат ичида бажарилмагани, орадан 11 кун ўтиб тайёрлаб келинган буюм ўзи буюртма қилган ранг ва сифатдагисидан фарқ қилишини баён қилиб, шартнома бекор қилиниб, пуллари қайтарилишида амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.
Туман жамияти мутахассислари томонидан ижрочи томонига амалдаги қонунчилик талаблари, ушбу талабларни бажармаслик натижасида келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тушунтирилиши билан низоли масалани истеъмолчи фойдасига ҳал этилиши ҳамда олдиндан тўланган пул суммасини тўлиғича унга қайтариб берилишига эришилди.
Хусниддин Латипов,
жамият мутахассиси.
Post Comment