Назорат хариди нима ва у қандай ўтказилади?

Назорат хариди нима ва у қандай ўтказилади?

Назорат хариди тадбирлари Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги 59-сон қарори билан тасдиқланган ҳамда 22.10.2025 йилдаги “Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 667-сонли қарори 2-иловаси билан тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган “Чакана савдо объектларида халқ истеъмоли товарларининг назорат харидини ташкиллаштириш ва уларни экспертизадан (тестдан) ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низом” асосида ўтказиладиган тадбир бўлиб, уни ўтказиш учун ОАВлардан келиб тушган маълумотлар, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари, жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан давлат органлари ва ташкилотлардан келиб тушадиган ахборотлар ва мурожаатлар, Президент Администрацияси, Ҳукумат топшириқлари асос бўлиб хизмат қилади.

Тадбир давомида тестдан ўтказиш учун танлаб олинаётган товар жойида экспертизадан ўтказилади, бунда товарни сақлаш шароити, маркировкаси, яроқлилик муддатлари кўрилади. Агар товар мазкур талабларга жавоб бермаса уни тестдан ўтказиш учун сотиб олиш ва синов лабораториясида тестдан ўтказиш мумкин эмас.

Харид қилинган товар намуналари савдо номлари олиб ташланган ва тўлиқ беркитилган, бироқ истеъмол қадоғи сақланган ҳолда белгиланган тартибда тўлдирилган танлаб олиш далолатномаси билан бирга синов лабораторияларига етказилади.

Тест натижалари бўйича товар сифати ва хавфсизлик талабларига мувофиқ бўлмаган ҳолатлар аниқланганда, қонунчилик ҳужжатларига кўра тегишли ҳаракатларни амалга ошириш учун ваколатли органларга юборилади.

Истеъмолчи ва тадбиркорларни сифат ва хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарлар ва унинг ишлаб чиқарувчилари тўғрисида хабардор қилиш мақсадида назорат хариди натижалари бўйича маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши мумкин.

Post Comment