“Сирли мижоз” тадбири қандай тадбир?
“Сирли мижоз” тадбири дори воситаларини ва тиббий буюмларни дорихоналар томонидан чакана реализация қилиш тартибига амал қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш, яъни тиббий диагностика, муолажа, дори буюриш фаолиятини назорат қилишни кўзда тутади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 22.10.2025 йилдаги “Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 667-сонли қарори 1-иловаси билан тасдиқланган “Дори воситаларини ва тиббий буюмларни тайинлаш, реализация қилиш ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш фоалиятини назорат қилишда “сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш тартиби тўғрисида Низом” асосида ўтказилади.
Мазкур тадбирни ўтказиш учун оммавий ахборот воситаларидан келиб тушган маълумотлар, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини ўрганиш давомида маълумотларга аниқлик киритиш зарурати туғилиши, жамоатчилик фикрини ўрганиш давомида тиббиёт ташкилотида белгиланган талаблар бузилиш ҳолатлари кузатилиши каби ҳолатлар асос бўлиб хизмат қилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари мазкур тадбирни Рақобат қўмитаси билан келишган ва тасдиқланган режа асосида ўтказадилар. Тадбир натижасида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланганда назорат қилувчи давлат органи ва ташкилотларига маълумот киритилади.
Тадбир аудио ёки видеокузатув мосламаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади ҳамда маълумотлар ваколатли органга топширилади ва бу маълумотлардан бошқа мақсадларда фойдаланилиши мумкин эмас.
Тадбирни ўтказишда дорихона ходими ёки шифокорни ноқонуний ҳаракатлар содир этишга ундаш, баҳсли ҳолатларни сунъий келтириб чиқариш каби ҳаракатларга йўл қўйилмайди, тадбир ўтказилаётган ташкилот фаолиятига, шу жумладан молиявий-хўжалик фаолиятига аралашилмайди, ортиқча ҳужжатлар сўралмайди, шунинг билан биргаликда тадбир ўтказиладиган субъектни олдиндан хабардор қилинмайди.
Низомда, жиноят аломатлари бўлган ҳолатларни истисно қилган ҳолда, қонунчилик талабларини биринчи марта бузган cубъектларга тушунтириш ва ёрдам чоралари кўрилиши, такрорий ҳолларда эса текширув ўтказилиши белгилаб қўйилди.



Post Comment