Хатолик оқибатида банк картасидан икки марта пул ечиб олинган истеъмолчига ортиқча ечилган пул суммаси қайтарилди

Хатолик оқибатида банк картасидан икки марта пул ечиб олинган истеъмолчига ортиқча ечилган пул суммаси қайтарилди

Дўконда маҳсулотлар харид қилиш жараёнида банк картангиз орқали савдо терминалидан пул тўладингиз. Телефонингизга келган СМС хабарномасидан картангиздан бир хил сумма икки марта кетма-кет ечилганлиги маъулм бўлди. Бундай ҳолатда нима қилиш керак? Албатта, хавотирга ўрин йўқ. HUMO тўлов тизимининг банк карталари орқали савдо терминалидан нотўғри пул ечилганда, мазкур тўловни терминал орқали бекор қилиш имконияти ҳам мавжуд, бунда онлайн инкассация амалга оширилмаган бўлиши лозим. Бошқа ҳолларда нотўғри ечилган пул маблағлари банк-эквайер томонидан савдо ва хизмат кўрсатиш субъекти аризаси асосида мижознинг банк картасига қайтарилади.

Қўқон шаҳрида яшовчи истеъмолчи М.А. ҳам шундай ҳолатлардан бирига дуч келган. “Корзинка” савдо дўкони кассири унинг банк картасидан 602 000 сўм пул ечиб олиши жараёнида хатоликка йўл қўйиши оқибатида, амалиёт икки марта бажарилиб, картадан 1 204 000 сўм пул олиб қолинган. Истеъмолчи буни, кейинчалик, телефонига СМС хабарнома келган вақтида билган. Эртаси куни савдо дўконига ташриф буюрган истеъмолчининг фарзанди чекларни кўрсатиб, юзага келган ҳолатни тушунтирганидан сўнг дўкон масъуллари харидорнинг пулларини қайтариш чораларини кўриш ваъдасини берган бўлсаларда, бу ишлар чўзилиб кетганидан сўнг истеъмолчи ушбу масалада Федерация ишонч телефонига мурожаат қилган.

Мурожаат ҳудудий тегишлилиги бўйича Қўқон шаҳар жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши жараёнида юқоридаги ҳолатни келиб чиқиши ва пул суммасини қайтариш ишларини чўзиб юборилиши сабабларига ойдинлик киритилиб, истеъмолчи М.А.га ортиқча ечиб олинган пул суммасини қайтарилиши таъминланди.

Муҳаммаджон Ўлмасов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin