Истеъмолчилар шахсий кабинетлари орқали истеъмол кўрсаткичларини назорат қилиб боришни ўрганишлари зарур

Истеъмолчилар шахсий кабинетлари орқали истеъмол кўрсаткичларини назорат қилиб боришни ўрганишлари зарур

Бугунги кунда коммунал идораларнинг расмий сайтларида истеъмолчиларнинг шахсий кабинетлари ташкилланган, уларга ушбу кабинетлар воситасида ўзларининг жорий ҳисобларини бошқариш ҳамда истеъмол кўрсаткичларини назорат қилиб бориш имкониятлари яратилган бўлсада, кўпчилик истеъмолчиларимиз буни эътибордан четда қолдирмоқдалар ёки ушбу қулайликдан хабарлари йўқ ёхуд ахборот технологияларини яхши билмаслиги важи билан ундан фойдалана олмаётган бўлишлари ҳам мумкин.

Оқибатда тўғри ва тўлақонли ахборотга эга бўлмаган истеъмолчиларда “тўловларни тўлаб бораётган бўлсамда, қарзсан дейишяпти”, “тўлаган тўловларим шахсий ҳисоб рақамимга тушмаган экан”, “шунча тўлаган тўловларим бошқа ҳисоб рақамига тушиб келаётган бўлган”, “ўзини назоратчи деб таништирган шахсга берган пулимни базага киритмаган экан” қабилидаги ва бошқа шу каби норозиликлар кўрсатилган мурожаатлар келиб чиқмоқда.

Ўзбекистон туманида ҳам шундай ҳолатлардан бири кузатилди. Истеъмолчи Н.П. ўз мурожаатида унинг хонадонидаги 506 метр куб кўрсаткични кўрсатиб турган ва унинг кўрсаткичлари асосида тўловлар амалга ошириб борилган ҳисоблагич маълумотлари сув таъминоти идораси базасида 25 метр куб ҳолича турганлиги, истеъмол кўрсаткичлари киритиб борилмагани, оқибатда бугунги кунга келиб ундан 1 771 000 сўм қарздорликни тўлаб қўйиш даъво қилинаётганлигини баён қилади.

Ўрганишда хонадонга ташриф буюрган мутахассислар, истеъмолчи ўрганиш кунида 507 метр куб кўрсаткични кўрсатиб турган ҳисоблагичнинг 760 метр куб кўрсаткичига қадар тўловни амалга ошириб қўйганлигини ёки 253 метр кубга олдиндан тўловдалиги қайд қилинди. Бироқ истеъмолчи шахсий кабинетдек қулайликдан фойдаланмагани оқибатида, хонадонига ичимлик сув тармоғи 2021 йилда киритилиб, шу пайтда сув ҳисоблагич ҳам ўрнатилган бўлсада, хонадон 2021-2024 йиллар мобайнида кўча колонкадан сув ташиб ичувчи тарифда қолиб келганлигини, ҳисоблагич 2024 йилнинг август ойидан базага киритилганлигидан ҳам ўз-ўзидан бехабар бўлган.

Ўрганиш давомида сув таъминоти корхонасидан олинган жавоб хатида истеъмолчи зарурий ҳужжатларни тақдим этмасдан тўловларни электрон шаклда тўлаб бораверганлиги, ҳар ойда биллинг базага маълумот тақдим этиб бормаганлиги ҳолатлари, оқибатда бугунги кун ҳолатига 755 600 асосли қарздорлиги мавжудлиги ҳам маълум қилингандан сўнг, туман жамияти томонидан ушбу чалкаш ҳолатга ойдинлик киритиш, истеъмолчи ҳуқуқларининг кафолатли таъминланишига эришиш мақсадида муржаатни ўрганиш давомида тўпланган ҳужжатларни тегишли чора-тадбирлар кўрилишини сўраб Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вилоят ҳудудий бошқармасига киритилди.

Дилшоджон Рассаев,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin