Иш бажариш жараёнида йўл қўйилган камчилик ижрочи томонидан бепул бартараф қилинадиган бўлди
Агар ижрочи иш ёки хизматни сифатсиз бажарса ёки жиддий камчиликларга йўл қўйса, истеъмолчи ўз хоҳишига кўра камчиликларни бепул бартараф қилинишини, нарх камайтирилишини, ишни қайта бажарилишини ёхуд шартнома бекор қилиниб, етказилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Истеъмолчининг бу борадаги талаблари қонунда белгиланган муддатларда бажарилмаслиги эса ижрочи зиммасига неустойка (пеня) каби молиявий мажбуриятни ҳам юзага келишига сабаб бўлиши мумкин.
Ёзёвон туманилик И.А.нинг туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига қилган мурожаатини ўрганилиши жараёнида айнан ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилганлиги ҳолатига дуч келинди. Хусусан, истеъмолчи И.А. эшик-ром устахонаси эгаси бўлган З.У.га устахонада ясалиб, сўнгра яшаш хонадонига ўрнатиб берилиши учун 2 та эшик ва 3 та ромга буюртма беради. У жами қиймати 3 950 000 буюртманинг пулини ҳам тўлиқ олдиндан тўлаб берган.
Лекин 3 кун ичида устахонада тайёрланиб, хонадонга келтирилган эшик-ромлар истеъмолчи томонидан танланган материал ва фасонда тайёрланмаганлигини кўрган истеъмолчи буюртмадан воз кечиб, иш қайтадан бажарилишини, акс ҳолда пули қайтарилишини талаб қилади. Лекин ушбу низоли масалада томонлар ўртасидаги музокаралар йўли билан ҳал бўлмаган.
Мурожаат ўрганилиши жараёнида туман жамияти мутахассислари ижрочи (уста)га қонунчилик талаблари ва унга амал қилмасликнинг салбий оқибатлари юзасидан тушунтириш ишларини олиб бордилар. Юзага келган ҳолатда ўзининг ноҳақлигини тўғри тушуниб етган уста 2 иш куни ичида камчиликни бартараф этилиши ва буюртма тўлақонли бажарилишини ўз зиммасига олиб, истеъмолчи муаммосини бартараф қилди.
Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.



Post Comment