Давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобига харид қилинган автотранспорт воситасида юзага келган нуқсон бепул бартараф этиладиган бўлди

Давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобига харид қилинган автотранспорт воситасида юзага келган нуқсон бепул бартараф этиладиган бўлди

Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар аҳолининг меҳнат фаолиятини йўлга қўйиш ва даромад манбаига эга бўлишига хизмат қилар экан, ушбу имкониятлардан Наманган вилоятида истиқомат қилувчи истеъмолчи Н.О. ҳам фойдаланди. У жамғарма маблағлари ҳисобидан, кредит шартлари асосида, уч томонлама шартнома бўйича Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган “Nova motors 777” МЧЖ (таъминотчи)дан 2 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган “Avalon” русумли мотороллерни 17 499 000 сўмга харид қилади.

Бироқ, транспорт воситасидан фойдаланиш жараёнида истеъмолчи мотороллернинг аккумулятор қисмида жиддий техник носозлик мавжудлигини аниқлайди. Мазкур ҳолат юзасидан таъминотчига мурожаат қилинган бўлса-да, томонлар ўртасида келишувга эришилмайди. Шундан сўнг истеъмолчи Н.О. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг ишонч телефонига мурожаат қилади.

Мурожаат Қўқон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида таъминотчига амалдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчиликда назарда тутилган кафолат мажбуриятлари юзасидан батафсил тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди.

Амалий мулоқотлар ва ҳуқуқий тушунтиришлар натижасида таъминотчи ўз мажбуриятини тўлиқ англаб, мотороллердаги техник нуқсонни ўз ҳисобидан, бепул бартараф этиб беришга розилик билдирди.

Ушбу ҳолатни истеъмолчи ҳуқуқларини таъминлаш борасида жойларда йўлга қўйилган муносабатлар самарасини, шунингдек ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқини биладиган ва ҳимоялай оладиган тизимнинг амалда ишлаётганини кўрсатувчи ёрқин мисоллардан бири дейиш мумкин.

Муҳаммаджон Ўлмасов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin