Олди-сотди жараёнида товар истеъмолчига бут ҳолда топширилиши керак

Олди-сотди жараёнида товар истеъмолчига бут ҳолда топширилиши керак

Кредит савдо дўконидан бирон бир товарни, айтайлик телефон аппаратини бўлиб тўлаш шартларида олган вақтингизда, сотувчи томонидан унинг қутисини (албатта ичидаги мавжуд йўриқнома ва бошқа ҳужжатларини ҳам) тўлов тўлиқ амалга оширилгандан сўнг берилиши шарти билан олиб қолиниши ҳолатига дуч келган бўлсангиз керак? Албатта, бу каби ҳолатларда ўз ҳақ-ҳуқуқларидан бироз хабардор бўлган истеъмолчи товар унга тўлиқ (бут) ҳолда топширилишини талаб қилган бўлар эди. Лекин кўпчилик юртдошларимиз товар қўлига текканидан хурсанд бўлиб, қутисини майли, кейин оларман қабилида иш тутиб кетаверадилар.

Фарғона шаҳрида ҳам шундай ҳолатлардан бири кузатилди. Марғилон шаҳрида яшовчи М.А. 2025 йилнинг январ ойида Фарғона шаҳридаги кредитга товарларни реализация қилиш фаолияти билан шуғулланаётган дўкондан товар шартнома нархини бир йил муддатда ичида бўлиб тўлаш шартларида Samsung A06 русумли смартфон харид қилган. Сотувчи смартфон қутисини тўлов тўлиқ тўлангандан кейин берилишини айтиб олиб қолган. Истеъмолчи бир ўтишини кутмасдан тўловларни муддатидан олдинроқ тўлаб бўлган ва дўконга келиб телефонининг қутисини берилишини сўраган. Савдо дўконидаги масъуллар қутини топиб бера олмаганларидан сўнг Федерацияга бу борада мурожаат йўллаган.

Федерациянинг Фарғона шаҳар жамияти мутахассислари томонидан савдо дўконига ушбу ҳолат юзасидан сўров хати киритилиб, ўрганишлар олиб бориш жараёнида ҳам истеъмолчига тегишли бўлган смартфон қутиси топилмади. Савдо дўкони юзага келган ҳолат учун истеъмолчидан узр сўраш ва муаммони бартараф этиш мақсадида унга дўкондан 400 000 сўмлик қийматдаги ҳоҳлаган маҳсулотидан совға сифатида олиш таклифи берилди. Истеъмолчи ушбу таклифни қабул қилди.

Ҳурматли истеъмолчилар!

Амалдаги қонунчиликка кўра, савдо дўконларидан товарлар сотиб олаётганда унинг бутлигини текшириб олиш ҳуқуқига эгасиз. Товарнинг бутлиги деганда эса, унинг йўриқномасида келтирилган рўйхатдаги буюмлар (асосий буюм, қўшимча буюмлар ва бутловчи қисмлар)нинг тўлиқ мавжудлиги, уларга шикаст етмаганлиги, товарга тааллуқли ҳужжатлари (паспорти, товардан тўғри фойдаланиш бўйича йўриқнома, кафолат ҳужжатлари ва ҳ.к.)нинг мавжудлигини ҳамда уларни сизга тақдим қилинишини текшириб олишни унутманг ва берилишини талаб қилинг. Истеъмолчига товарлар кредитга сотилган ҳолатларда ҳам у шундай ҳуқуқларга эга.

Мансуржон Тошканов,
жамият мутахассиси.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin