Маиший хизматлар йўналишида шартномани бекор қилиш асослари
Ўзбекистон Республикаси аҳолисига маиший хизмат кўрсатиш қоидаларининг “Буюртмани бажариш ва уни бериш” бўлими маиший хизматларга берилган буюртмаларни сифатли, белгиланган тартиб ва муддатларда бажариш ҳамда буюртмачига топшириш жараёнини ҳуқуқий ва техник жиҳатдан талаблар билан таъминлаш мақсадини кўзда тутади. Шу ўринда, Қоидаларга кўра, шартнома буюртмачи (истеъмолчи) томонидан қандай ҳолларда бекор қилиниши мумкинлигига эътиборларингизни қаратсак.
Буюртмачи қуйидаги ҳолларда шартномани бекор қилиш ҳуқуқига эга булади:
агар хўжалик юритувчи субъект шартномани бажаришга ўз вақтида киришмаса ёки буюртмани бажариш муддати асоссиз бузилаётган бўлса;
агар бажарилган ишдаги аниқланган камчиликлар буюртмачи томонидан белгиланган муддатда бартараф этилмаган бўлса;
агар бажарилаётган ишда жиддий камчиликларга, шартномадан четга чиқишларга йўл қўйилган ёки буюртма тузатиш мумкин бўлмаган нуқсонлар билан бажарилган бўлса. Бунда, агар буюм буюртмачи материалидан тайёрланган бўлса, буюртмачи шу турдаги шундай сифатдаги материаллардан бошқа буюм тайёрлаб берилишини талаб қилишга ҳақли.
Шартнома бекор қилинган тақдирда буюртмачи зарарнинг шартнома бекор қилинган вақтда амалда бўлган нархларда қопланишини талаб қилишга ҳақли.
Шунинг билан биргаликда, буюртмачи шартномани иш тугалланишидан олдин исталган вақтда, хўжалик юритувчи субъектга ишнинг бажарилган қисми қийматини тўлаб ва зарарларни шартномани бекор қилиш вақтида амалда бўлган нархларда қоплаб ҳам бекор қилиши мумкин.



Post Comment