Жамоатчилик назорати: формал ҳуқуқий меъёрдан таъсирчан жамоавий институтгача

Жамоатчилик назорати: формал ҳуқуқий меъёрдан таъсирчан жамоавий институтгача

Ўзбекистонда давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш, фуқароларнинг давлат ишларида иштирокини кучайтириш масалалари сўнгги йилларда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу жараёнда жамоатчилик назорати институти алоҳида ўрин тутади. У фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик таъсирини кучайтириш ва ижтимоий адолатни таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий механизми сифатида қаралмоқда.

Шу билан бирга, амалдаги “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, мазкур институт ҳанузгача тўлиқ ишлайдиган, таъсирчан ва замонавий талабларга жавоб берадиган ҳуқуқий воситага айланмаган. Қонундаги айрим нормалар декларатив характерга эга бўлиб, давлат бошқарувида юз бераётган чуқур институционал ўзгаришларни тўлиқ қамраб ололмаяпти.

Назорат доирасининг чекланганлиги — асосий тизимли муаммо

Қонуннинг энг асосий муаммоларидан бири — жамоатчилик назорати объектининг етарлича аниқ ва кенг белгиланмаганидир. Амалда “давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан” деган умумий таъриф қўлланилади. Бироқ бугунги кунда давлат фақат классик маънодаги вазирликлар, идоралар ва бюджет ташкилотлари орқали эмас, балки мутлақо бошқа ташкилий-ҳуқуқий шакллар орқали ҳам ўз функцияларини амалга оширмоқда.

Хусусан, давлат иштирокидаги акциядорлик жамиятлари, масъулияти чекланган жамиятлар, миллий холдинглар, квази-давлат сектор субъектлари иқтисодиёт ва ижтимоий соҳада ҳал қилувчи роль ўйнаяпти. Бундан ташқари, таълим ва бошқа ижтимоий хизматларни кўрсатиш соҳасида давлатнинг айрим функциялари нодавлат, ҳатто автоном ташкилотларга ўтказилмоқда. Амалда эса ушбу тузилмалар “тадбиркорлик субъекти” деган баҳона билан жамоатчилик назорати доирасидан чиқиб кетмоқда.

Фикримизча, айнан шу ерда жамоатчилик назорати институтининг самарадорлиги кескин пасаяди. Давлат маблағлари сарфланаётган, жамоат манфаатлари билан бевосита боғлиқ бўлган фаолият устидан жамоатчилик таъсирининг йўқлиги очиқликка, жавобгарликка ва адолат тамойилларига зид ҳолатни юзага келтиради. Шу боис, қонунчиликда назорат объектларини кенгайтириш ва уларни аниқ белгилаш — бугунги куннинг кечиктириб бўлмайдиган вазифасидир.

Соҳавий қонунчилик ва парчаланган ёндашув оқибатлари

Жамоатчилик назоратига оид яна бир тизимли муаммо — унинг соҳавий қонунчиликда номутаносиб ва парчаланган ҳолда акс этишидир. Сўнгги йилларда қабул қилинган айрим қонунларда жамоатчилик назорати нормалари киритилган бўлса-да, илгарироқ қабул қилинган қонунларда, жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш каби энг устувор ижтимоий соҳаларда бу институт деярли назарда тутилмаган.

Бизнингча, ҳар бир соҳавий қонунга алоҳида ўзгартириш киритиш йўли самарасиз, чунки бу жараён катта вақт ва ресурс талаб қилади. Бундан ташқари, бундай ёндашув ҳуқуқий тизимда ягона ва барқарор механизм яратишга имкон бермайди. Шу нуқтаи назардан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунда жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқлари чекланмаслиги ҳақида қатъий кафолат нормасини жорий этиш энг тўғри ва тизимли ечим сифатида намоён бўлади.

Субъектлар ва объектлар ўртасидаги ҳуқуқий мувозанат

Жамоатчилик назорати субъектларини белгилаш масаласи ҳам алоҳида ёндашувни талаб қилади. Конституцияда мустаҳкамланган виждон эркинлиги, диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилгани принциплари диний ташкилотларни жамоатчилик назорати субъекти сифатида белгилашда эҳтиёткорликни талаб қилади. Фикримизча, бу каби ташкилотларни субъектлар қаторида қолдириш ҳуқуқий ва ижтимоий зиддиятларни келтириб чиқариши мумкин.

Шу билан бирга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари — маҳаллалар масаласи ҳам қайта кўриб чиқилишга муҳтож. Бугунги кунда маҳаллаларга давлатнинг айрим функциялари босқичма-босқич бериб борилмоқда. Демак, улар фақат жамоатчилик назорати субъекти эмас, балки давлат ваколатларини амалга оширувчи тузилма сифатида жамоатчилик назорати объектига айланмоқда. Хулоса шуки, бу масала ҳуқуқий жиҳатдан очиқ ва аниқ ҳал этилмас экан, жавобгарлик ва ҳисобдорлик масалалари очиқ қолаверади.

Назорат шаклларини кенгайтириш — самарадорлик гарови

Амалдаги қонунда жамоатчилик назорати шакллари санаб ўтилган бўлса-да, жамоатчилик текшируви каби муҳим шакл назарда тутилмаган. Ҳолбуки, маълумотлар ва ҳужжатлар билан танишиш, ижтимоий аҳамиятга эга фаолиятни текшириш жамоатчилик назоратининг энг таъсирчан усулларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, амалиёт кўрсатмоқдаки, жамоатчилик назорати кўп ҳолларда бир вақтнинг ўзида бир неча шаклда ўтказилишига эҳтиёж сезади. Масалан, мониторинг ўтказилиб, унинг натижалари бўйича жамоатчилик эшитуви ёки муҳокама ташкил этиш зарурати туғилади. Шу сабабли, қонунда бундай имкониятни аниқ белгилаш жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини сезиларли даражада оширади.

Назорат шаклларини кенгайтириш — самарадорлик гарови

Амалдаги қонунда жамоатчилик назорати шакллари санаб ўтилган бўлса-да, жамоатчилик текшируви каби муҳим шакл назарда тутилмаган. Ҳолбуки, маълумотлар ва ҳужжатлар билан танишиш, ижтимоий аҳамиятга эга фаолиятни текшириш жамоатчилик назоратининг энг таъсирчан усулларидан бири ҳисобланади.

Бундан ташқари, амалиёт кўрсатмоқдаки, жамоатчилик назорати кўп ҳолларда бир вақтнинг ўзида бир неча шаклда ўтказилишига эҳтиёж сезади. Масалан, мониторинг ўтказилиб, унинг натижалари бўйича жамоатчилик эшитуви ёки муҳокама ташкил этиш зарурати туғилади. Шу сабабли, қонунда бундай имкониятни аниқ белгилаш жамоатчилик назоратининг таъсирчанлигини сезиларли даражада оширади.

Жавобгарлик ва очиқлик: қонуннинг таъсир кучини ошириш омиллари

Жамоатчилик назорати натижаларини жамоатчиликка эълон қилиш масаласи қонунчиликда етарли даражада мустаҳкамланмаган. Ҳолбуки, очиқлик жамоатчилик назоратининг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Назорат натижалари жамоатчиликка етиб бормаса, бу институт ўз маъносини йўқотади.

Шу билан бирга, жамоатчилик назорати тадбирларига турли шаклларда тўсқинлик қилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Муаллиф фикрича, жамоатчилик назорати субъектларининг қонуний фаолиятига аралашиш, уларга босим ўтказиш ёки сунъий тўсиқлар яратиш учун жавобгарлик чораларини кучайтириш қонуннинг реал таъсир кучини оширишга хизмат қилади.

Якуний хулоса

Жамоатчилик назорати институти давлат бошқарувини демократлаштиришнинг муҳим элементи бўлиб, унинг самарадорлиги тўғридан-тўғри қонунчилик базасининг мукаммаллигига боғлиқ. Амалдаги таҳрирда қонун жамиятдаги реал ижтимоий-иқтисодий ва институционал ўзгаришлардан ортда қолмоқда.

Назорат объектларини кенгайтириш, субъектлар ва объектлар ўртасида аниқ ҳуқуқий чегаралар белгилаш, назорат шаклларини бойитиш ҳамда жавобгарлик механизмларини кучайтириш орқалигина жамоатчилик назорати ҳақиқий, таъсирчан ва ишлайдиган институтга айланиши мумкин. Акс ҳолда, у яхши ниятлар билан қабул қилинган, аммо амалда чекланган имкониятларга эга бўлган қонун сифатида қолиб кетиш хавфини сақлаб қолаверади.

Ғайрат Маматкулов,
ЎИҲҲҚЖФ Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси матбуот хизмати раҳбари.

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin