Чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматлари кўрсатилмаган 82 та хонадонга ҳисобланган тўловлар бекор қилинди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қолдирган Учкўприк туманилик Қ.А. ўзи истиқомат қилаётган маҳаллага кўрсатилаётган чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларидан норозилигини билдириб, ҳолатни ўрганиб чиқилиши ва тегишли чоралар кўрилишини сўраганди.
Мурожаат Федерациянинг Учкўприк туман жамияти мутахассислари томонидан ўрганилиши давомида унда келтирилган важларга аниқлик киритилиб, унинг асосида ҳудудга чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизматларини кўрсатувчи ташкилот – “Agro Rishton ta’mir servis” МЧЖга сўров хати киритилди. Шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини масъулларидан мурожаатда кўрсатилган давр ичида истеъмолчи яшайдиган кўчага хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан хизматлар кўрсатилиши даврийлигига аниқлик киритилди.
Ўрганишда маҳалланинг мурожаатчи истиқомат қиладиган кўчасидан жорий йилнинг январ-феврал ойларида чиқиндилар олиб кетилмаганлиги, ушбу давр учун шу кўчада жойлашган аҳоли хонадонлари учун 13 000 сўмдан 104 000 сўмгача бўлган қарздорликлар ҳисобланганлиги ҳолати қайд қилинди. Бундан келиб чиққан ҳолда, хизмат кўрсатувчи ташкилот томонидан юқорида кўрсатилган 2 ойлик давр учун ушбу кўчада истиқомат қилувчи истеъмолчилардан тўловлар олинмаслиги (бекор қилиниши) тўғрисида қарор қабул қилиниб, мазкур кўчада жойлашган 82 та хонадонга ҳисобланган жами 3 653 000 сўм тўловлар бекор қилинди.
Сардор Мирзажонов,
туман жамияти раиси.



Post Comment