Бир саволга бир жавоб #5

Бир саволга бир жавоб #5

Савол: Дори воситаларини рекламаси бўйича нималарни билишимиз керак?

Жавоб:
Авваламбор дори воситаларини икки гуруҳга ажратиб олишимиз лозим, булар: шифокор рецепти асосида реализация қилинадиган дори воситалари, шифокор рецептисиз реализация қилинадиган дори воситалари. Қонунчиликка кўра қуйидаги дори воситаларини реклама қилиш тақиқланади:

– фақат шифокорнинг рецепти бўйича тарқатиладиган дори воситаларини;

– таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп ва (ёки) кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини;

– Ўзбекистон Республикасида тиббиётда қўлланиш учун рухсат этилмаган дори воситаларини;

– Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида давлат рўйхатдан ўтказилмаган дори воситаларини.

 

Дори воситаларини реклама қилишда қуйидагилар тақиқланади:

– таниқли шахсларнинг, тиббиёт ходимларининг ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи кўринишига ўхшаш шахсларнинг иштирок этиши;

– олимларнинг, тиббиёт ходимларининг тавсияларидан, худди шунингдек алоҳида шахсларнинг миннатдорчилигидан, тавсияларидан ва реклама қилинаётган дори воситаларининг таъсири ҳақидаги ҳикояларидан иборат бўлган тавсиялардан фойдаланиш;

– касаллик (жароҳат) ва (ёки) дори воситаларининг инсон организмига таъсири натижасида инсон организмида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги видеолавҳадан, тасвирдан ёки визуал намойишдан фойдаланиш;

– дори воситаларини ҳаддан зиёд ва нотўғри ишлатишга ундаш;

– шифокор маслаҳатини олмасдан мустақил равишда даволаниш ёки жарроҳлик аралашувини амалга ошириш имконияти тўғрисида таассурот (ишонч) уйғотиш;

– дори воситалари муваффақиятли қўлланилганлигига доир муайян ҳолларга ҳавола қилинадиган реклама.

 

Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламаси:

– дори воситасини ножўя таъсирлар мавжуд эмаслиги жиҳатидан ноёб, энг самарали, энг хавфсиз деб тақдим этмаслиги;

– дори воситасининг таркибига, келиб чиқишига, янгилигига ёки патентланганлигига нисбатан янглишишларга олиб келмаслиги;

– дори воситаси овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимча, косметик маҳсулот ёки гигиена воситаси ёхуд бошқа ҳар қандай турдаги товар эканлигини таъкидламаслиги;

– реклама таъсирини кучайтириш мақсадида бошқа дори воситалари билан нотўғри таққослашларга йўл қўймаслиги;

– мазкур дори воситасининг таъсири кафолатланганлиги тўғрисидаги тасдиқни ўз ичига олмаслиги;

– инсон саломатлиги дори воситасини қабул қилмаслик оқибатида ёмонлашиши мумкинлигини уқтирмаслиги керак.

Рецептсиз бериладиган дори воситаларининг рекламаси ҳар бир ҳолда уларни қўллашга ва улардан фойдаланишга қарши кўрсатмалар мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассислар маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.

Post Comment