Сифатсиз мебел истеъмолчи мурожаати асосида алмаштириб берилди

Сифатсиз мебел истеъмолчи мурожаати асосида алмаштириб берилди

Ёзёвон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Д. А. томонидан харид қилинган мебел маҳсулотининг сифати бўйича мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаат тегишли тартибда ўрганилиб, қонунчилик доирасида амалий чоралар кўрилди.

Маълум бўлишича, истеъмолчи 2025 йил апрел ойида туман ҳудудида жойлашган буюм бозоридаги мебел савдо дўконидан 7 800 000 сўм эвазига мебел тўпламини оғзаки келишув асосида харид қилган. Бироқ қисқа муддат ичида маҳсулотнинг сифати паст экани кузатилиб, жумладан, унинг айрим қисмлари кўчиб кетган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ёзёвон туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш давомида томонларга амалдаги қонунчилик талаблари ҳамда сотувчи ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, сотувчи томонидан йўл қўйилган камчилик бартараф этилди. Яъни, истеъмолчига сифати талабга жавоб бермайдиган мебел ўрнига янги, сифатли мебел тўпламини тайёрлаб бериш ва етказиб бериш мажбурияти олинди. Натижада мурожаатда кўтарилган масала ижобий ҳал этилиб, истеъмолчи томонидан мурожаатини ўрганиш натижаларидан қониқиш ҳосил қилганлиги, қўшимча эътирозлари мавжуд эмаслиги маълум қилинди.

Истеъмолчиларга эслатиб ўтамиз: агар харид қилинган товар сифати талабга жавоб бермаса, уни алмаштириш ёки етказилган зарарни қоплатиш ҳуқуқингиз мавжуд. Бу каби ҳолатларда ҳудудлардаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Шавкатжон Саидов,
жамият мутахассиси.

Post Comment