Асоссиз қарздорлик суд орқали бекор қилинди

Асоссиз қарздорлик суд орқали бекор қилинди

Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро Ч.Э.га иссиқлик таъминоти хизмати бўйича асоссиз равишда қарздорлик ҳисоблангани юзасидан суд томонидан адолатли қарор қабул қилинди. Мазкур ишда Марғилон шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчи манфаати ҳимоя қилиниб, судга даъво аризаси киритилганди.

Маълум бўлишича, фуқаро яшаб келаётган хонадонда 2023 йилдан буён иситиш радиаторлари ўрнатилмаган бўлиб, хонадондан фақат тик қувур ўтган. Шунга қарамасдан, иссиқлик таъминоти корхонаси томонидан хонадонга 1 миллион 457 минг 336 сўм қарздорлик ҳамда пеня ҳисобланган. Истеъмолчи мазкур ҳисоб-китоблардан норози бўлиб, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида жамоат ташкилотига мурожаат қилган.

Суд жараёнида даъвогар вакили томонидан хонадонда амалда иситиш хизмати мавжуд эмаслиги, радиаторлар ўрнатилмагани ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш имконияти бўлмагани таъкидланди. Шунингдек, иш материалларига иссиқлик таъминоти корхонаси вакили томонидан тузилган далолатнома ҳам илова қилиниб, унда хонадонда радиаторлар йўқлиги қайд этилган.

Суд иш ҳужжатларини ҳар томонлама ўрганиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси ҳамда коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари талабларидан келиб чиққан ҳолда, истеъмолчига нисбатан ҳисобланган қарздорликни асоссиз деб топди. Натижада фуқаро Ч. Э. 1 миллион 457 минг 336 сўм қарздорлик ҳамда 256 минг 34 сўм пеня тўловидан озод қилинди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар коммунал хизматлар бўйича ҳисоб-китобларга бефарқ бўлмаслиги, асоссиз қарздорлик юзага келганда эса ўз ҳуқуқларини қонуний тартибда ҳимоя қилиши муҳимлигини яна бир бор кўрсатади. Шу билан бирга, жамоат ташкилотлари томонидан истеъмолчиларга амалий ҳуқуқий ёрдам кўрсатилаётгани аҳоли манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Саидхон Хапизов,
жамият мутахассиси.

Post Comment