Ёшларнинг ҳуқуқий билими ва рақамли хавфсизлик масалаларига бағишланган очиқ мулоқот

Ёшларнинг ҳуқуқий билими ва рақамли хавфсизлик масалаларига бағишланган очиқ мулоқот

“Ёшлар куни” тадбирлари доирасида Фарғона шаҳрида Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги – KOICA билан шерикликда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида Рақобат қўмитасининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмалари ҳамкорлигида мазкур билим юртида таълим олаётган ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди.

Ёшларга иқтисодиётнинг муҳим соҳалари, жумладан, электроника, ахборот технологиялари, автомобилсозлик, тикувчилик ва косметология йўналишлари бўйича таълим бераётган ушбу ўқув юртида ўтказилган тадбир давомида иштирокчиларга Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрида”ги, “Реклама тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунчилиги асослари, шунингдек бугунги интернет технологиялари кенг ривожланган даврда истеъмолчи сифатида интернетдан хавфсиз фойдаланиш, ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилаётган жиноятлардан огоҳ бўлиш, бу борада ҳуқуқлари бузилган тақдирда амалга оширилиши лозим бўлган саъй-ҳаракатлар ва мурожаат қилинадиган идоралар каби масалаларда тушунчалар бериб ўтилиб, ишларнинг бу борадаги фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Тадбир давомида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилиб, истеъмолчилик муносабатлари, интернет тармоғидаги фирибгарлик ҳолатлари, реклама маданияти ҳамда рақобат муҳитини шакллантиришга оид муҳим маълумотларга эга бўлдилар. Айниқса, рақамли технологиялар жадал ривожланаётган бугунги кунда ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, интернетдан хавфсиз фойдаланиш маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Учрашув якунида иштирокчилар бундай амалий ва очиқ мулоқотлар ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш ҳамда келгусида турли ҳуқуқбузарлик ва киберҳавфлардан ҳимояланишда муҳим ўрин тутишини қайд этдилар.

Post Comment