Сифатсиз монолит учун тўланган 3,3 миллион сўм истеъмолчига қайтарилди

Сифатсиз монолит учун тўланган 3,3 миллион сўм истеъмолчига қайтарилди

Тошлоқ туманида яшовчи фуқаро Р. А. томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Тошлоқ туман жамиятига қилинган мурожаат қисқа муддатда ўрганилиб, истеъмолчининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди.

Мурожаатда қайд этилишича, фуқаро Андижон шаҳрида жойлашган “Andi Jasmin” МЧЖдан 3 миллион 300 минг сўм эвазига йиғма монолит харид қилган. Бироқ маҳсулот сифатсиз чиққанлиги сабабли истеъмолчи унга тўланган маблағни қайтаришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Ўрганиш жараёнида Федерациянинг Тошлоқ туман жамияти мутахассислари сотувчи томонидан корхона масъуллари билан музокаралар олиб борилиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик талаблари тушунтирилди ҳамда келиб чиққан низони қонуний ҳал этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Олиб борилган ўрганишлар ва амалий ҳаракатлар натижасида шу куннинг ўзида далолатнома расмийлаштирилиб, истеъмолчи томонидан сифатсиз монолит учун тўланган 3 миллион 300 минг сўм маблағ нақд пул кўринишида қайтариб берилди.

Мазкур ҳолат истеъмолчилар мурожаатларини тезкор ва қонуний тартибда кўриб чиқиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда жамоатчилик ташкилотларининг ўрни муҳим эканини яна бир бор намоён этди. Шунингдек, истеъмолчилар харид ёки хизматдан фойдаланишда маҳсулот сифатига алоҳида эътибор қаратиши, ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда эса тегишли ташкилотларга мурожаат қилишдан тортинмаслиги лозим.

Post Comment