Истеъмолчи ҳуқуқлари ва миллий қадриятлар уйғунлиги — Қувасойда маърифий тадбир ўтказилди
Қувасой шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганининг 30 йиллиги муносабати билан шаҳардаги 8-умумтаълим мактабида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Мазкур тадбир таълим муассасасида “Хотира ва қадрлаш куни” муносабати билан ўтказилаётган байрам дастури билан уйғун тарзда давом этди.
Тадбир аввалида мактаб ўқувчилари томонидан Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасига бағишланган бадиий чиқишлар, шунингдек меҳнат ва уруш фахрийларига эҳтиром руҳидаги концерт дастурлари намойиш этилди. Шу билан бирга, спортчи ёшлар жамоасининг кўргазмали чиқишлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирнинг асосий қисмида мамлакатимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мазкур қонуннинг аҳамияти, шунингдек қонун асосида Федерация тизимида олиб борилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Таъкидланганидек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, айниқса ёш авлод ўртасида ҳуқуқий билимларни кенг тарғиб этиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, тадбирда иштирок этган ҳиндистонлик мутахассис доктор Тхатха Молли томонидан Ҳиндистон тажрибаси асосида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида билдирилган фикр-мулоҳазалар йиғилганларда катта қизиқиш ва таассурот қолдирди.
Тадбир якунида Федерациянинг Қувасой шаҳридаги тизим фаолларига фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Мазкур тадбир ёшларда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш, миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда истеъмолчилик маданиятини оширишга хизмат қилди.



Post Comment