Кафолат муддати давомида нуқсон аниқланса, истеъмолчи маҳсулотни алмаштиришни талаб қилишга ҳақли
Истеъмолчи харид қилаётган маҳсулот сифати, хавфсизлиги ва фойдаланишга яроқлилиги бўйича қонун билан ҳимояланган. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, истеъмолчи нуқсонли маҳсулот сотилган тақдирда уни бепул таъмирлашни, худди шундай маркадаги сифатли маҳсулотга алмаштиришни, харид нархини қайта ҳисоблашни ёки тўланган пулни қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Айниқса, кафолат муддати давомида юзага келган ишлаб чиқариш нуқсонлари учун жавобгарлик сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи зиммасига юкланади.
Ушбу қонун нормалари амалда қандай ишлашини Учкўприк туманида кўриб чиқилган навбатдаги мурожаат яна бир бор тасдиқлади.
Учкўприк тумани Кичик Кенагас маҳалласида яшовчи фуқаро М.Х. туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, “Юксалиш” дўконлар тармоғи орқали муддатли тўлов асосида харид қилган Ferre BT60G 31 STB (F) 22STB LN русумли газ плитасида фойдаланиш жараёнида нуқсон юзага келганини маълум қилди. Мурожаатда маҳсулот бир неча бор сервис хизмати томонидан таъмирланган бўлса-да, муаммо тўлиқ бартараф этилмагани ва маҳсулотдан фойдаланишнинг имкони бўлмай қолгани қайд этилган.
Мурожаат келиб тушгач, Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан савдо корхонасига расмий сўров юборилиб, харидор билан тузилган шартнома нусхаси ҳамда ҳолат юзасидан батафсил маълумот тақдим этиш сўралди. Ўрганиш жараёнида савдо корхонаси, сервис хизмати ва истеъмолчи иштирокида ҳолат ҳар томонлама таҳлил қилинди.
Ўрганиш давомида маҳсулот ҳақиқатан ҳам кафолат муддати давомида носоз ҳолатга келгани, сервис мутахассислари томонидан таъмирлангани, бироқ истеъмолчи таъмирланган маҳсулотдан фойдаланишни истамаганлиги аниқланди. Савдо ташкилоти эса айнан шу русумдаги янги маҳсулотга буюртма берилганини маълум қилди.
Жамият мутахассислари томонидан амалдаги қонунчилик талаблари савдо корхонаси масъулларига батафсил тушунтирилди. Олиб борилган музокаралар натижасида сотувчи томони истеъмолчининг мурожаатини инобатга олиб, буюртма қилинган янги маҳсулот етиб келгач, носоз газ плитасини янгисига алмаштириб бериш мажбуриятини олди. Бу ҳақда савдо корхонаси томонидан расмий жавоб хати тақдим этилди.
Шундан сўнг Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мурожаатчига расмий жавоб хатини юбориб, мурожаат ижобий ҳал этилганини маълум қилди ва маҳсулот янги газ плитасига алмаштириб берилиши юзасидан назорат давом эттирилишини билдирди.
Бундай ҳолатлар ҳар бир истеъмолчига қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади:
– маҳсулот харид қилаётганда шартнома, касса чеки ва кафолат талонини сақлаб қўйиш;
– кафолат муддати давомида нуқсон аниқланса, аввало сотувчи ёки ваколатли сервис марказига ёзма мурожаат қилиш;
– муаммо бартараф этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат этиш;
– қонунчиликда белгиланган ҳуқуқлардан фаол фойдаланиш.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини яхши билган ва ваколатли ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилган ҳолларда кўплаб низолар судгача бўлган босқичда ижобий ҳал этилмоқда.
Мазкур мурожаат ҳам бунинг яққол исботи бўлиб, Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан олиб борилган ҳуқуқий тушунтириш ва амалий ишлар натижасида истеъмолчининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинди ҳамда нуқсонли маҳсулотни янгисига алмаштириш бўйича келишувга эришилди.



Post Comment