Федерация ишонч телефонига мурожаат ортидан истеъмолчи фойдасига 2 миллион 250 минг сўм қайтарилди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимида фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва қонунчилик асосида ҳал этиш устувор вазифалардан биридир. Айниқса, масофадан туриб амалга оширилган савдо ва мобил қурилмалар хариди билан боғлиқ низоларда истеъмолчининг қонуний манфаатларини тиклаш алоҳида аҳамият касб этади.
Ана шундай мурожаатлардан бири Сурхондарё вилояти Денов туманида яшовчи фуқаро Ф. Х. томонидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа ишонч телефони орқали йўлланди. Мурожаат белгиланган тартибда Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ижро этувчи аппарати томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида фуқаро мобил телефон хариди билан боғлиқ муаммога дуч келгани аниқланди. Мутахассислар томонидан савдо корхонаси масъуллари билан учрашувлар ўтказилиб, амалдаги қонунчилик талаблари батафсил тушунтирилди.
Далолатнома асосида олиб борилган музокаралар натижасида Haus mobile савдо шохобчаси раҳбарияти истеъмолчининг қонуний талабларини қаноатлантирди ҳамда фуқаро Iphone XS русумли телефон хариди учун тўлаган 2 миллион 250 минг сўм маблағни унинг банк пластик картасига тўлиқ қайтариб берди. Ўрганиш якунида истеъмолчи билан телефон орқали боғланилиб, маблағ тўлиқ қайтарилгани ва бошқа эътирози йўқлиги тасдиқланди.
Шундан сўнг Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан мурожаатчига расмий жавоб хати юборилиб, мурожаат ижобий ҳал этилгани ҳамда зарур ҳолларда юқори турувчи органлар ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.
Мазкур ҳолат истеъмолчилар учун муҳим ҳуқуқий хулосаларни беради. Мобил телефон ёки бошқа техника воситаларини харид қилишда:
– тўлов чеки, шартнома ва бошқа ҳужжатларни сақлаб қўйиш;
– маҳсулот сифати ёки савдо шартлари бузилган тақдирда сотувчига ёзма мурожаат қилиш;
– муаммо ҳал этилмаса, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ёки 1091 ишонч телефони орқали мурожаат этиш тавсия этилади.
Амалдаги қонунчиликка кўра, истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилган ҳолларда етказилган моддий зарар қопланиши, ноқонуний ундирилган маблағ қайтарилиши ҳамда низолар судгача бўлган тартибда ҳал этилиши мумкин.
Марғилон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан олиб борилган ўрганиш ва ҳуқуқий тушунтириш ишлари натижасида истеъмолчининг мурожаати қисқа муддатда ижобий ҳал этилди. Натижада фуқаронинг 2 миллион 250 минг сўмлик маблағи тўлиқ қайтарилиб, унинг қонуний манфаатлари тикланди.
Мазкур ҳолат яна бир бор шуни кўрсатадики, истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини яхши билса ва ваколатли ташкилотларга ўз вақтида мурожаат қилса, адолатли ечимга эришиш мумкин. 1091 ишонч телефони эса фуқароларнинг мурожаатларини тезкор кўриб чиқиш ва уларнинг ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилишда самарали восита бўлиб хизмат қилмоқда.



Post Comment