Мониторингдан маърифатгача: тиббиёт муассасаларида ҳуқуқий тарғибот
Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва шаффофлигини ошириш, беморларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган жамоатчилик мониторинглари билан бир қаторда, тиббиёт муассасаларида ҳуқуқий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилмоқда. Бундай тадбирлар орқали амалдаги қонунчилик талабларини кенг тарғиб қилиш, тиббиёт ходимларининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш ҳамда истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш мақсад қилинган.
Фарғона шаҳри
Фарғона шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан Фарғона вилояти перинатал марказида ўтказилган жамоатчилик мониторинги якунлари юзасидан тиббиёт муассасаси раҳбарияти ва масъул ходимлари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Унда мониторингларнинг асосий мақсади тиббиёт муассасаларини текшириш эмас, балки аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, очиқлиги ва қулайлигини баҳолаш, беморлар манфаатларини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқишдан иборат экани таъкидланди.
Давра суҳбати давомида тиббиёт муассасаларида беморларга яратилган шарт-шароитлар, уларнинг ўз ҳуқуқларидан хабардорлиги, пуллик ва бепул хизматлар ҳақида ахборот олиш, мурожаат ва шикоят қилиш механизмларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, амалдаги қонунчилик талабларига риоя этиш, беморлар билан муомала маданиятини янада юксалтириш ҳамда тиббий хизматларни сифатли ва шаффоф ташкил этишда жамоатчилик назоратининг аҳамияти хусусида тушунтиришлар берилди.
Бешариқ тумани
Шу каби маърифий ишлар Бешариқ туманида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан ҳудуддаги оилавий поликлиникаларда ўтказилаётган ўрганишлар доирасида тиббиёт ходимлари иштирокида амалдаги қонунчилик тарғиботига қаратилган тадбирлар ташкил этилмоқда. Уларда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва очиқлигини таъминлаш, беморлар ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маърифий тадбирларда тиббиёт ходимларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчилик мазмун-моҳияти, тиббий хизматлар кўрсатишда истеъмолчиларнинг ахборот олиш ҳуқуқи, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳамда хизмат сифати ва муомала маданиятига қўйиладиган талаблар юзасидан тушунтиришлар берилмоқда. Бундай учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилаётган мониторинг тадбирларини маърифий жиҳатдан тўлдириб, тиббиёт муассасаларида аҳолига янада сифатли, очиқ ва қулай хизмат кўрсатилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.



Post Comment