“Юксак истеъмол маданияти сари” – тиббиёт ходимлари билан мулоқот
Фурқат туман тез тиббий ёрдам марказида туман Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ташаббуси билан “Юксак истеъмол маданияти сари” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад тиббиёт соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалаларига эътиборни кучайтириш, шунингдек, хизмат кўрсатиш маданиятини янада юксалтиришдан иборат бўлди.
Учрашув давомида тиббиёт муассасаси ходимларига истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, аҳолига сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатишнинг аҳамияти, хизмат кўрсатиш жараёнида очиқлик ва масъулият тамойилларига амал қилиш хусусида тушунчалар берилди.
Шунингдек, тиббий хизматлардан фойдаланиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг мурожаатлари, таклиф ва эътирозларини ўз вақтида ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларга ечим топиш муҳим экани алоҳида таъкидланди. Иштирокчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш, аҳоли билан самарали мулоқот ўрнатиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Тадбир савол-жавоб ва ўзаро фикр алмашиш руҳида ўтди. Тиббиёт ходимларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.
Юксак истеъмол маданияти – бу фақат истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиши эмас, балки хизмат кўрсатувчи томоннинг ҳам ўз масъулиятини чуқур англаши демакдир. Шу маънода, бундай тарғибот тадбирлари аҳолига кўрсатилаётган хизматлар сифати ва истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.



Post Comment