Носоз кондиционер муаммоси ҳал этилди

Носоз кондиционер муаммоси ҳал этилди

Ҳар бир харидор янги маиший техника сотиб олар экан, аввало унинг сифатли, ишончли ва узоқ муддат хизмат қилишини кутади. Айниқса, кондиционер каби кундалик ҳаётда муҳим аҳамиятга эга бўлган маиший техникада носозлик юзага келиши истеъмолчи учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқаради.

Шундай ҳолатлардан бири Бағдод тумани Ойдинбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаро Ш.Э. билан юз берди. У харид қилган «Avalon» русумли кондиционерда носозлик аниқланиб, техника талаб даражасида ишламаётганидан норози бўлган ҳолда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Учкўприк туман жамиятига мурожаат қилди.

Фуқаронинг мурожаати белгиланган тартибда ўрганилиб, унинг мазмуни ва ҳолатга доир маълумотлар аниқлаштирилди. Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан кондиционер харид қилинган «Ishonch» савдо дўконига расмий сўров хати юборилди.

Унда истеъмолчининг мурожаати билан боғлиқ ҳолатни ҳар томонлама ўрганиш, харидор билан тузилган шартнома нусхаси ҳамда юзага келган вазиятга оид зарур маълумотларни тақдим этиш сўралди. Бу эса мурожаатни фақатгина расмий қайд этиш билан чекланмасдан, муаммонинг аниқ сабабларини ўрганиш ва қонуний ечим топишга қаратилган амалий чора бўлди.

Савдо ташкилоти томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, мурожаат ўрганилгандан сўнг фуқаро билан боғланилиб, кондиционердаги муаммони бартараф этиш учун тегишли сервис марказига ариза қолдириш тартиби тушунтирилган.

Шундан сўнг сервис хизмати мутахассислари томонидан истеъмолчининг яшаш хонадонларига бориб, кондиционер кўздан кечирилди. Техник носозлик аниқланиб, сервис хизмати орқали бартараф этилди ва қурилма соз ҳолатга келтирилди.

Энг муҳими, мазкур ҳолатда истеъмолчининг муаммоси эътиборсиз қолмади. Жамиятнинг аралашуви, савдо ташкилоти ва сервис хизмати билан олиб борилган мулоқот натижасида муаммони амалий ҳал қилишга эришилди.

Учкўприк туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти фуқаронинг мурожаати юзасидан ўрганиш ишларини олиб бориб, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш доирасида тегишли чораларни кўрди. Якунда кондиционердаги носозлик бартараф этилгани ва қурилма соз ҳолатга келтирилгани маълум қилинди.

Бу каби ҳолатлар истеъмолчилар учун ҳам муҳим сабоқ бўлади. Маиший техника харид қилинаётганда:

— товар ва тўлов ҳужжатларини сақлаб қўйиш;
— кафолат ҳужжатлари билан танишиб чиқиш;
— носозлик аниқланганда мустақил равишда техникани таъмирлатишга шошилмасдан, аввало сотувчи ёки ваколатли сервис хизматига мурожаат қилиш;
— муаммо ҳал этилмаган тақдирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларига мурожаат этиш муҳим аҳамият касб этади.

Истеъмолчи учун ҳар бир мурожаат муҳим. Чунки харид қилинган товардаги ҳатто оддий кўринган носозлик ҳам ўз вақтида ҳал этилмаса, катта ноқулайликка айланиши мумкин.

Бағдодлик фуқаро Ш.Э.нинг мурожаати мисолида ҳам кўриниб турибдики, ўз ҳуқуқини билиш, муаммони белгиланган тартибда баён қилиш ва зарур ҳолатда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат этиш орқали муаммога амалий ечим топиш мумкин.

Сифатли товар ва хизмат — истеъмолчининг қонуний манфаати. Унинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш эса ўз вақтида қилинган мурожаатдан бошланади.

Post Comment