Истеъмолчилар учун эслатма
Ҳурматли истеъмолчилар!
Юртимиз бўйлаб Янги йил байрами яқинлашиб келаётган шу кунларда сизларни кўча-куйда, савдо нуқталаридан байрам дастурхони учун озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олаётганда қуйидаги ҳолатларга беэътибор бўлмаслигингизни сўраймиз:
• Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни 4-моддасига асосан, Сиз товар ҳақида, шунингдек, унинг ишлаб чиқарувчиси (сотувчиси) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товарларни эркин танлаш ва уларнинг тегишли даражада сифатли бўлиши, хавфсиз бўлиши, ҳаётингиз, соғлиғингиз ва мол-мулкингизга зарар етказмаслиги каби ҳуқуқларга эгалигингизни унутманг.
• Товарлар сотиб олиш жараёнида қонуннинг 8-моддаси билан Сизга берилган ҳуқуқ, яъни сотиб олинган товар сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқингиздан унумли фойдаланинг.
• Олди-сотди амалга оширилганда Сизга касса ёки товар чеки берилиши шартлиги, товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланишини доим ёдингизда тутинг (10-модда).
• Унутманг, озиқ-овқат товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда уларни сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши лозим. Сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилади (11-модда). Бундай товарларни сотиб олишдан эҳтиёт бўлинг.
• Ўзингиз сотиб олган товар санитария-гигиена, шу жумладан, радиология, эпидемияга қарши талабларга ва амалдаги бошқа нормалар ҳамда қоидаларга риоя этган ҳолда ишлаб чиқарилган бўлишига ва ҳаётингиз, соғлиғингиз, атроф-муҳит учун хавфсиз бўлишига, шунингдек, мол-мулкингизга зарар етказмаслигига кафолат берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эгалигингиздан келиб чиқиб (12-модда), сотиб олаётган озиқ-овқат товарингизни сертификати бор ёки йўқлиги билан қизиқиб кўринг.
• Сизга зарур сифатга эга бўлмаган озиқ-овқат товари сотилганда, бундай товарни харид қилингандан кейин 24 соат мобайнида алмаштириб олишингиз ёки пулингизни қайтариб олишингиз мумкинлигини ҳам ёдингиздан чиқарманг.
• Байрам дастурхони учун озиқ-овқат маҳсулотларини рўпара келган жойлардан сотиб олишдан тийилинг. Товарларни турғун савдо объектларидан, шунингдек тегишли рухсатномалар асосида фаолият олиб бораётган савдо ярмаркаларидан сотиб олиш мақсадга мувофиқдир.
Барчангизни кириб келаётган Янги 2020 йил билан муборакбод этамиз!
Ҳудудий бирлашма Матбуот хизмати
Post Comment