Конфедерация раҳбари Фарғонада меҳмон бўлиб турибди
Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси (КонфОП) бошқаруви раиси Дмитрий Янин “Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми” доирасида Фарғона шаҳрига ташриф буюрди.
Ташрифнинг биринчи кунида меҳмон Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳамроҳлигида Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси ва туман (шаҳар) жамиятлари раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда иштирокчиларга Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси ва унинг мақсад ҳамда вазифалари, шунингдек Конфедерация томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар берилди.
Меҳмонга Федерациянинг Фарғона вилоятидаги ҳудудий органларида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди. Соҳада эришилаётган ютуқлар, тизим ташкилотларини қийнаб турган муаммолар ўртага ташланди. Бу борада хориж тажрибаси юзасидан маълумотлар ўртоқлашилди.
“Eвропа мамлакатларини оламизми, ёки Осиё мамлакатларини оламизми, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси каби истеъмолчиларнинг йирик жамоат бирлашмаси йўқ. Бу борада сизлар томонингиздан йўлга қўйилган тизим ўзига хосдир”, – деди Конфедерация раҳбари учрашув давомида. – Лекин шунинг билан биргаликда соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор, албатта. Конфедерация ана шу муаммоларни ҳал қилишда Ўзбекистонлик ҳамкорларимизга амалий ва услубий ёрдамларни кўрсатишга доим тайёр”.
Шундан сўнг, Конфедерация бошқаруви раиси Д.Янин Федерация раиси Ж.Саримсоқов ва тизим масъул ходимлари ҳамроҳлигида “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳаси доирасида Фарғона шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Меҳмон томонидан ҳудудларда Федерация ташаббуси билан “Истеъмолчи кутубхонаси” ва “Истеъмолчи уйи” лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берилди.
Ташрифнинг биринчи кунида Марғилон шаҳридаги “Ёдгорлик” фабрикаси ва Давлат хизматлари маркази фаолияти билан яқиндан танишув жараёнлари ҳам меҳмонда катта таассуротлар қолдирди.
Ҳудудий бирлашма Матбуот хизмати
Post Comment