Халқаро истеъмолчилар ташкилоти
Хабарингиз бор 2020 йилнинг 14-18 январь кунларида Тошкент шаҳрида “Биринчи Европа ва Осиё давлатлари истеъмолчилари форуми” ўтказилмоқда. Қуйида сизларни Форум ҳамкори Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) ҳақидаги маълумотлар билан таништириб ўтамиз:
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) 1960 йил 1 апрелда АҚШ, Ғарбий Европа ва Австралиядаги 5 та истеъмолчилар ташкилоти Халқаро истеъмолчилар иттифоқлари ташкилоти (International Organisation of Consumers Unions) деган ном билан тузган эди.
Дастлаб ташкилот истеъмолчилар учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни синовдан ўтказувчи ташкилотлар ўртасида глобал ахборот алмашиши учун тузилган эди. Бироқ орадан кўп ўтмай, у истеъмолчилар ташкилотларини бирлаштирувчи халқаро ташкилотга айланди.
2019 йилдан Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) Президенти Маримуту Надасон.
Бугунги кунда ташкилотга дунёнинг 100 дан ошиқ мамлакатларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат ташкилотлари аъзодир. Унинг бош қароргоҳи Лондон шаҳрида жойлашган бўлиб, Лотин Америкаси, Осиё-Тинч океани, Ўрта Шарқ ва Африкада минтақавий офислари бор.
2018 йил 29 март куни Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) Васийлар кенгаши йиғилишида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг аъзолик тўғрисидаги масала кўриб чиқилиб, Федерация Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International)нинг тўлақонли аъзолигига қабул қилинган.
Ўзбеистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Халқаро истеъмолчилар ташкилоти Бошкарув Кенгаши аъзоларини сайлашда овоз бериш ваколатига эга.
Халқаро истеъмолчилар ташкилоти (Consumers International) истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари конфедерациясидир. Унинг бошқаруви ва кенгашига аъзо ташкилотларнинг етакчи раҳбарлари киради. Кенгаш Васийлар бошқарувининг маслаҳат органидир. Кенгаш аъзолари ҳар 4-5 йилда аъзо ташкилотлар умумий йиғилишида овоз бериш йўли билан сайланади.
ХИТ истеъмолчиларнинг 8 та асосий ҳуқуқи борлигини эътироф этади ва уларни таъминлаш учун фаолият олиб боради:
• товар ва хизматлари ҳақида ахборот олиш;
• товар ва хизматлардан хавфсиз фойдаланиш;
• товар ва хизматларни танлаш;
• ҳимоя;
• етказилган зарар қопланишини талаб қилиш;
• истеъмолчи сифатида билмларни ошириб бориш ва
• соғлом атроф муҳитга эга бўлиш.
ХИТ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор маҳаллий ва халқаро қонун-қоидаларни ўзгартириш йўлида ўзига аъзо истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, товар ишлаб чиқараётган компаниялар масъулиятини ошириш ва истеъмолчиларни бозор қаллобликларидан ҳимоя қилиш учун кампаниялар ўтказади. Истеъмолчиларнинг хабардорлигини ошириш мақсадида маҳсулот хавфсизлиги тадқиқотлар ўтказиб, натижаларини эълон қилиб боради.
ХИТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, Жаҳон савдо ташкилоти сингари глобал сиёсат юритувчи ташкилотларда вакиллари бор. Улар билан дунёнинг турли минтақаларида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширади.
Ҳар йили 15 март бутун дунёда Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади. Унинг мақсади глобал миқёсда истеъмолчилар ҳуқуқлари ва эъҳтиёжларидан хабардорликни оширишдир.
Бугунги кунда халқаро истеъмолчилар ташкилотига Хелена Лоран хоним бош директорлик қилмоқда.
ХИТга аъзо бўлган ташкилот ХИТ ва унга аъзо ташкилотлар тўғрисида хабарлар, публикациялар ва электрон бюллетенларни олиб туриши мумкин.
Маблағ билан таъминланадиган тегишли ва ХИТ кўмагида бошқа томонлар молиялаштирадиган лойиҳаларда иштирок этиш имконияти туғилади. Бундан ташқари, халқаро алоқалар ўрнатиш ва ХИТнинг халқаро конгресси ва бошқа тадбирларида, ХИТ экспертлари Интернет орқали уюштирадиган вебинарларда қатнашиш имконияти пайдо бўлади.
Ҳудудий бирлашма Матбуот хизмати
Post Comment