Дмитрий Яниннинг Фарғонага ташрифи давом этмоқда

Дмитрий Яниннинг Фарғонага ташрифи давом этмоқда

Аввал хабар бериб ўтганимиздек, Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси (КонфОП) бошқаруви раиси Дмитрий Янин “Биринчи Европа ва Осиё мамлакатлари истеъмолчилари форуми” доирасида ташриф билан Фарғона вилоятида бўлиб турибди. Ташриф давомида унга Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ҳамроҳлик қилмоқда.

Сафарнинг иккинчи кунида Конфедерация раҳбари Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг Фарғона, Бағдод, Риштон ва Олтиариқ туман жамиятлари фаолиятлари билан танишди. Айниқса, Федерация ташаббуси билан мазкур туманларда “Истеъмолчи кутубхонаси” ва “Истеъмолчилар уйи” лойиҳалари доирасида қуриб ишга туширилган бино ва иншоотлар меҳмонда катта таассурот қолдирди. У туман жамиятларида меҳнат фаолияти олиб бораётган ходимлар билан суҳбат жараёнида уларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоблар қайтарди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билими ва истеъмол маданиятини ошириш борасида КонфОПга аъзо ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, эришилаётган ютуқлар ва соҳага янгича ёндашувлар юзасидан маълумотлар бериб ўтиб, соҳадаги айрим муаммоларни ҳал қилишда ўз иш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Федерациянинг жойлардаги ҳудудий органлари фаолияти билан яқиндан танишиш жараёнида меҳмонга ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти, туризмни янада ривожлантириш борасидаги имкониятлар намойиш этилди, бу борадаги дастурларни амалга оширишда Федерация ва унинг ҳудудий органларининг тутадиган ўрни ва роли хусусида истиқболдаги режалар ўртоқлашилди.
Ташриф якунларига кўра, халқаро ташкилот раҳбари Фарғона вилоятида мавжуд имкониятлардан фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишларни тўғри йўлга қўйилганлигини эътироф этди.

Ҳудудий бирлашма Матбуот хизмати

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin