Уч йилга кафолат берилган товарда уч ойда нуқсон чиқди
Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятида Конизар маҳалла фуқаролар йиғини Янгичек маҳалласида яшовчи Соҳибахон Раҳмонованинг оғзаки мурожаати қайд қилинди. Истеъмолчи ўз мурожаатида ўтган йилнинг октябрь ойида туман марказидаги буюм бозори ҳудудида жойлашган “TRUST CREDIT TRADE” хусусий корхонасига қарашли кредит дўконидан қиймати 1 190 000 сўмлик бўлган “Милана” русумли сув иситгичини сотиб олгани, аммо ундан ҳеч қанча фойдаланилмасдан, яъни уч ой ўтгач иситгичда нуқсон кузатилиб, яроқсиз ҳолатга келиб колганлигини билдирган.
Бу ҳақида у савдо дўкони мутасаддиларига учрашиб, кафолат муддати ичида вужудга келган нуқсонни бепул бартараф этилишини ёки бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилишини айтиб мурожаат қилган бўлсада, сотувчи томонидан истеъмолчининг қонуний талаби бажарилмаган. Шу боисдан фуқаро ўз истеъмолчилик ҳуқуқини англаган ҳолда туман жамиятимизга мурожаат қилган.
Туман жамияти ҳуқуқий ҳимоя бўйича бош мутахассиси У. Мирзаумаров томонидан истеъмолчи мурожаатини ўрганиш жараёнида сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни тегишли моддалари талаблари тушунтирилди. Натижада хусусий корхона томонидан истеъмолчининг қонуний талаби қондирилишига ва икки кунлик муддат ичида нуқсонли сув иситгични бепул таъмирлаб берилишига эришилди.
Ҳуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment