Жамоат ташкилоти 200 қоп унни хайрияларни мувофиқлаштириш марказларига тақдим этди

Жамоат ташкилоти 200 қоп унни хайрияларни мувофиқлаштириш марказларига тақдим этди

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳукуматимиз республикада COVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида, чекловчи тадбирлар (карантин) жорий этган дастлабки кундан бошлаб, ўша чора-тадбирларга ҳиссасини қўшиб келмоқда, – дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарда.
Айни мақсадда ички истеъмол бозорида озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж моллари нархларининг асоссиз равишда ошиб кетиши олдини олишда ваколатли давлат органларига кўмаклашиш учун жойларда “Жамоатчилик назорати” ишчи гуруҳлари ташкил этилди. Унга федерациянинг 600 нафар тажрибали мутахассиси жалб қилинди. Бозор ва савдо шохобчаларидаги нарх-навога оид кунлик маълумотлар умумлаштирилган ҳолда махсус комиссияга тақдим этилмоқда.
Шунингдек, федерациянинг “Меҳр улашамиз” акцияси доирасида аҳолига 300 минг дона тиббиёт ниқоб, 7000 дона антисептик восита, ижтимоий ҳимояга муҳтож 674 оилага эса озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
Федерация тизими ходимлари ташаббуси билан уларнинг бир кунлик иш ҳақи “Меҳр-шафқат ва саломатлик жамоат фонди”га ўтказилди.
Бу каби хайрия ишлари давом этмоқда. Куни кеча федерациянинг ҳудудий тузилмалари Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда жойлардаги хайрияларни мувофиқлаштириш марказларига 200 қоп ун етказиб берди.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида халқимиз бошига тушган ушбу синов кунларида жамоат ташкилотларини коронавирусга қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш йўлида ҳукуматга кўмаклашишга чақиради.

Ҳудудий бирлашма ахборот хизмати

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin