Икки ойга кафолат берилган товар бир ой ўтмасдан 3 марта бузилди

Икки ойга кафолат берилган товар бир ой ўтмасдан 3 марта бузилди

– 2020 йилнинг март ойида туманимиздаги эҳтиёт қисмлари дўконидан «TEXA» русумли чилангарлик аппаратини 950 000 (тўққиз юз эллик минг) сўмга сотиб олдим. Сотувчи аппаратга 2 ойлик кафолат муддати белгилаб, кафолат талонига ёзиб берди,деб бошлайди Қува туманида яшовчи З.С. Ўзбекистон Республикаси Президенти ишонч телефонига қилган оғзаки мурожаатини, – Аппарат орадан 4 кун ўтгач куйиб қолди. Сотувчига борсам “Бу электр кучланишдан бўлган”, деб мени ўзига таниш устага жўнатди. Уста аппаратни тузатган бўлиб мендан 300 000 (уч юз минг) сўм олди. Лекин орадан 3 кун ўтиб яна бузилган аппаратни тузатиш учун худди шу устага яна 100 000 сўм бердим. Ҳозирда аппарат яна куйиб қолган. Илтимос, мазкур аппаратни алмаштириш ёки пулимни қайтаришда ёрдам кўрсатсангиз.
Федерациянинг Қува туман жамияти ходимлари томонидан сотувчи – фаолиятини тумандаги “Раста” буюм бозори ҳудудида амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор Б.Б. иштирокида ўрганиш ишлари ўтказилганда, чилангарлик аппарати ҳақиқатан ҳам юқорида келтирилган суммага харид қилинганлиги, товарга икки ой кафолат муддати белгиланганлиги, аппарат харид қилингандан 4 кун ўтиб истеъмолчи ўз эътирозлари билан келганлиги, сотувчи уни ўзига таниш уста ҳузурига юборганлиги, аппарат пулли асосларда таъмирлатилганлиги каби ҳолатлар ўз тасдиғини топди.
Сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари” талаблари тушунтирилди. Унга қонун талабларидан келиб чиқиб, нуқсонли товарни мақбул сифатлисига алмаштириш, бунинг имкони бўлмаган тақдирда эса товар учун тўланган пулни қайтариш таклифи билдирилди. Сотувчи нуқсонли товар учун тўланган 950 000 сўм пулни истеъмолчига қайтариб бериб, ўзининг зиммасидаги мажбуриятини адо қилди.

Ахмаджон Тухтабоев
Қува тумани ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin