Ёмғирдан сўнг ёрилган шиферлар тўлиғича алмаштирилди
Фарғона вилояти Бувайда туманида яшовчи фуқаро Х. Абдуллаев янги қураётган уйининг том қисмини ёпиш мақсадида Бувайда тумани Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган қурилиш савдо дўконларининг биридан шифер маҳсулотларини сотиб олади. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ёмғир оқибатида хонадони том қисмига қадалган шиферлар ёрилиб кетади. Фуқаро Х. Абдуллаев ушбу ҳолат юзасидан дўкон сотувчисига норозилигини баён этади, лекин унинг важлари ярим йўлда қолиб кетади. Шундан сўнг истеъмолчи Бувайда тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади.
Жамият ҳодимлари томонидан ушбу мурожаат Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари асосида ўрганилди ва ўрганув жараёнида қуйидагилар маълум бўлди:
Истеъмолчи туман марказидаги қурилиш моллари савдо дўконидан ҳар бири 32000 сўмдан, жами 3200000 сўмга 100 дона шифер маҳсулотларини нақд пулга сотиб олиб, уста ёллаб хонадони томига қадаган. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ёққан ёмғирдан сўнг эса …
Мурожаатни ҳар тарафлама ўрганиш мақсадида сотувчи иштирокида Х.Абдуллаевнинг хонадонига ташриф буюрилди. Қадалган шиферлар “Қувасойшифер” очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилганлиги ва иш маҳсулотга илова қилинган йўриқнома асосида бажарилганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш доирасида сотувчига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг тегишли моддалари талаблари, хусусан узоқ муддат фойдаланиладиган барча турдаги товарлар ва хизматларга ишлаб чиқарувчи (ижрочи) кафолат муддати белгилаши лозимлиги, кафолат муддати товар истеъмолчига сотилган ёки хизмат кўрсатилган кундан бошлаб ҳисобланиши (11-модда), истеъмолчи товарнинг ишлаб чиқарилишига, тузилишига, таркибига доир камчиликларни ёки бошқа нуқсонларни аниқлаган тақдирда сотувчи (ишлаб чиқарувчи) уни айни шундай маркали (моделли, артикулли) товар етти кунлик муддатда, товар сифатини қўшимча равишда текшириш зарур бўлганда эса, истеъмолчи талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида алмаштириб бериши шартлиги (14-модда) юзасидан тушунчалар берилди. Шундан сўнг сотувчи ташаббуси ва истеъмолчининг розилиги асосида 100 дона шифер бошқа корхона маҳсулотига алмаштириб берилишига эришилди.
Истеъмолчи мурожаати ижобий ҳал этилганлиги учун миннатдорчилик билдирди.
Мирзохид Нуралиев
Бувайда тумани Истеъмолчилар
ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси
Post Comment