Нуқсонли товар алмаштирилди
Бувайда тумани Қорақум маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Ж. Мамадалиев Янгиқўрғон қишлоғида жойлашган хўжалик моллари савдо дўконидан ўз банк пластик карточкаси орқали 262 000 (икки юз олмиш икки минг) сўмга, суюлтирилган газда ишловчи плита сотиб олган. Газ плита уйга келтирилиб, овқат пишириш учун ишлатиш жараёнида унинг тепа қисмидаги ойнаси ўз-ўзидан дарз кетади. Истеъмолчи бу ҳақда сотувчига айтади. Лекин сотувчи юзага келган ҳолатда айб истеъмолчининг ўзида деган важ билан унинг қонуний талабларини бажармаган.
Истеъмолчи юзага келган ҳолатда амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб Бувайда туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилади. Туман жамияти ходимлари томонидан сотувчига Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонуни 11-моддаси (Ишлаб чиқарувчи (ижрочи)нинг кафиллик мажбуриятлари), 13-моддаси (Истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари) ва 14-моддаси (Нуқсонли товарни алмаштириб бериш тартиби) талаблари юзасидан тушунтиришлар берилгандан сўнг, сотувчи ўз ихтиёри билан кафолат муддати даврида носоз ҳолатга келган товар (газ плита)ни худди шу маркадаги мақбул сифатдаги янги газ плитасига алмаштириб берди. Ўзининг истеъмолчи сифатидаги қонуний ҳуқуқлари тикланганлигидан хурсанд бўлган Ж. Мамадалиев туман жамиятига миннатдорчилик билдирди.
Мирзохид Нуралиев,
Бувайда туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment