Шартномадаги мажбуриятлар фақат истеъмолчи учунми?

Шартномадаги мажбуриятлар фақат истеъмолчи учунми?

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларнинг айримлари билан сизларни таништиришда давом этамиз. Сўзимиз бошида истеъмолчи ҳуқуқининг устиворлигини, қонунчиликнинг мазкур нормаси бутун дунёда тан олинганлигини, шунингдек ушбу норма мамлакатимиз Конституциясининг 53-моддасида ҳам ўз аксини топганлигини таъкидлаб ўтишимиз керак.

Гулистон маҳалласида яшовчи Ш. Ж.нинг (қуйида барча фуқаролар, сотувчи ва хизмат кўрсатувчиларнинг исм-шарифлари қисқартирилиб, исм-шарифларнинг бош ҳарфлари келтирилган) ёзма мурожаати маиший хизматларни кўрсатувчининг хизматлари сифатидан норозилик мазмунида бўлган. У якка тартибдаги  тадбиркор Э.Х.Н. томонидан телевизорига ўрнатиб берилган эҳтиёт қисмининг сифатсиз чиққанлигини маълум қилиб, туман жамиятидан ушбу масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраган.

Мурожаатни ўрганиш мақсадида устага учрашилганда, у ҳақиқатда ҳам истеъмолчининг телевизоридаги нуқсонларни бартараф этиш масаласида келганлигини, унинг томонидан телевизорга эҳтиёт қисми ўрнатиб берилганлиги, жами бўлиб кўрсатилган хизматлар учун 160 000 (бир юз олтмиш минг) сўм пул олганлигини маълум қилди. “Телевизорга ўрнатиб берган эҳтиёт қисмингиз сифатсиз чиққанлиги сабабли, истеъмолчи орадан 3 кун ўтиб яна олдингизга келган экан. Нега яна янгитдан эҳтиёт қисм қўйиш учун мижоздан 150 000 (бир юз эллик минг) сўм пул сўрадингиз”, – деган саволимизга устанинг жавоби, тўғриси, энсамизни қотирди. Устани айтишича, у бажарилган ишига (яъни эҳтиёт қисмни жойига ўрнатишга, пайвандлаб қўйишнинг сифатига – изох бизники) кафолат берармишу, лекин эҳтиёт қисмга кафолат бермас экан.

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига кўра, агар ижрочи ишларни бажаришда нуқсонларга йўл қўйган бўлса, истеъмолчи ишнинг такроран бажарилишини ёки шартномани бекор қилиб кўрилган зарар тўлиқ қопланишини талаб қилишга ҳақли. Туман жамияти мутахассислари устахона ходимига амалдаги қонун бўйича хизмат кўрсатувчи (иш бажарувчи)нинг мажбуриятлари, мазкур мажбуриятларни бажармаслик орқасидан келиб чиқувчи ҳуқуқий оқибатлар тўғрисида тушунтиришлар берганларидан сўнг, у 160 000 сўм пулни истеъмолчига қайтарди.

Янгиобод маҳалласида яшовчи У. Ғ. Ёзёвон шаҳарчасида кўчма савдо фаолиятини амалга ошираётган якка тартибдаги тадбиркор И.М.Ж. дан ўзи учун аёллар кўйлагини  85 000 (саксон беш минг) сўмга сотиб олган. Лекин уйига бориб синчиклаб кўриш жараёнида қизи ва бошқа яқинлари унга кўйлак сотувчи томонидан тарифи келтирилган материалдан эмас, балки сифатсизроқ материалдан тикилганлигини айтишгач, эртаси куни у сотувчи ҳузурига қайтиб келиб, кўйлакни алмаштиришни сўраган. Бироқ сотувчи сотилган товарлар қайтариб олинмаслигини айтиб, алмаштириб беришни ҳам, кўйлакни пулини қайтаришни ҳам рад қилган.

Амалдаги қонуннинг 7-моддасига кўра, агар товар ҳақида нотўғри маълумот берилган ва бунинг натижасида зарур истеъмол хоссаларига эга бўлмаган товар сотиб олинишига сабаб бўлса, истеъмолчи шартномани бекор қилишга ва ўзига етказилган зарарнинг қопланишини талаб қилишга ҳақлидир. Истеъмолчининг товар ҳақидаги нотўғри маълумот туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги талаблари сотиб олинган товарнинг хоссалари ва жиҳатлари ҳақида истеъмолчи махсус билимга эга эмас деган тахминга асосланиб қараб чиқилади. Туман жамияти мутахассислари томонидан қонуннинг мазкур талаби сотувчига тушунтирилгач, у истеъмолчи билан кўйлакни бошқа мақбул сифатдагисига алмаштириб берилиши бўйича келишувга эришди.

Гулистон маҳалласида яшовчи Х.М. билан эса қизиқ воқеа содир бўлган. У хўжалик моллари ва уй-рўзғор буюмларини ижарага бериш фаолияти билан шуғулланиб келаётган якка тартибдаги тадбиркор С.Ш.З. дан уйида ўтказиладиган маросим учун турли идиш-товоқларни 140 000 (бир юз қирқ минг) сўмга ижарага олган. Лекин истеъмолчи маросимни ўтказиб, идиш-товоқларни қайтариб топширишга олиб келгач, тадбиркор уларга турли даражада зарар етказилган (синган, кўчган, дарз кетган, йўқолган) деган важлар билан яна 200 000 (икки юз минг) сўм қўшимча тўлов қиласиз, деб туриб олган. Истеъмолчи мазкур масалада амалий ёрдам кўрсатилишини сўраб туман жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Мурожаатни ўрганиш вақтида ижарага бериш учун ажратилган хўжалик буюмлари (истеъмолчига ижарага берилганларидан ҳам ташқарилари) кўздан кечирилганда, уларнинг аксарияти юқорида тадбиркор томонидан даъво қилинган нуқсонларга (идишларда кўчган, чойнакларда учган жойлари) шундоқ ҳам эгалиги кузатилди. Бундан эса, тадбиркор томонидан истеъмолчига олдиндан нуқсонларга эга бўлган идиш товоқлар ижарага берилган, деган хулосага келинди. Лекин истеъмолчи ўзи томонидан қабул қилиб олинган идишлардан 3 таси йўқолганлигини тан олишини билдириб, унинг пулини тўлаб беришини бўйнига олди. Ўрганиш натижалари билан томонлар ўртасидаги идиш-товоқларни ижарага бериш бўйича оғзаки шартнома бўйича тўлов, олдиндан келишилганидек, 140 000 сўм миқдорида амалга ошириладиган бўлди.

Хонобод маҳалласида яшовчи Р.А. нинг мурожаати эса ўзи танлаб буюртма берган мебелни уйига етказиб берилиши жараёнида бошқа рангдагисига алмаштириб қўйилганлиги масаласида бўлган.

Маълум бўлишича, у Ёзевон буюм бозорида савдо фаолиятини амалга ошираётган Қ.М. сотувидаги намуна учун қўйилган 7 600 000 (етти миллион олти юз минг) сўмлик мебеллардан ўзига маъқулини танлаб, худди шу маркадагиси ва рангдагисидан уйга олиб бориб берасизлар, деб келишувга эришган ва мебел учун олдиндан тўловни амалга оширган. Лекин орадан уч кун ўтиб уйига келтирилган мебелларни не кўз билан кўрадики ранги бошқа. Барчамизга маълумки, мебел нафақат сифат ва бошқа кўрсаткичлари жиҳатидан, балки рангига қараб ҳам танланадики, бундан мақсад у уйнинг умумий дизайнига мос келиши керак. Қўйингки, истеъмолчи хуноби ошиб сотувчи ҳузурига етиб келган ва ўзининг эътирозларини билдирган. Сотувчидан эса рад жавоби олинган.

Амалдаги қонуннинг 8-моддасига кўра, истеъмолчи шартнома тузиш йўли билан товарни эркин сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлиб, бу шартномага кўра сотувчи истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбуриятини, истеъмолчи эса, шартлашилган пулни тўлаш мажбуриятини ўз зиммаларига оладилар. Юқоридаги ҳолатда каби истеъмолчи хонадонига ўзи танлаган рангдаги эмас, бошқа рангдаги мебелни олиб келиб ташлаб кетилиши, истеъмолчига мақбул сифатда бўлмаган товар сотилиши сифатида баҳоланади ва бундай ҳолда истеъмолчида, қонуннинг 13-моддасида кўрсатиб ўтилган, ўзига нуқсонли товар сотилган ҳоллардаги ҳуқуқлар вужудга келади. Унга кўра эса истеъмолчи сотувчига товарни мақбул сифатдагисига алмаштириш талабини қўя олади. Агар сотувчи истеъмолчининг қонуний талабларини бажармаса, у ҳолда унинг зиммасига қонуний талаблар бажарилишининг ўтказиб юборилган ҳар бир куни учун товар баҳосининг бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаш мажбурияти ҳам юклатилади.

Ўрганиш ишлари жараёнида сотувчига қонуннинг юқорида талаблари тушунтирилгач, у истеъмолчининг қонуний талабларини тўлиқ адо этишни ўз зиммасига олган.

 

Рахматилло Шодмонов

Ёзевон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси

Post Comment

Sizga qiziqarli bo'lishi mumkin