Мурожаатлар истеъмолчилар фойдасига ҳал этилди
Ёзёвон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Тошҳовуз маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Ш.Қ.нинг туман прокуратурасига қилган мурожаати ўрганилди.
Ўрганишда маълум бўлишича, “Ҳудудгаз Фарғона” газтаъминоти филиалининг 2020 йил 20 августдаги “Аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларни хатловдан ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисида”ги 40-сонли буйруғи асосида мазкур ҳудудда хатлов ўтказаётган ходимлар 24 август кунида истеъмолчи хонадонида ҳам бўлишиб, хонадонда ўрнатилган газ жиҳозлари ва газ ҳисоблаш ускунасини хатловдан ўтказганлар. Хатлов хонадоннинг фойдаланилган табиий газ учун тўловлардан 563 180 (беш юз олтмиш уч минг бир юз саксон) сўм қарздорлиги мавжудлигини кўрсатган. Бу ҳақда газ таъминоти идораси чилангари А.И. томонидан хатлов далолатномаси тузилиб, унга истеъмолчи Ш.Қ.нинг турмуш ўртоғи танишиб имзосини қўйган. Орадан 3 кун ўтиб, яъни 27 август кунида газ таъминоти идораси ходими М.М. истеъмолчи хонадонига келиб, қарздорлик сабаб хонадонни газ тармоғидан узишини айтади. Истеъмолчи қарздорликни тўлаб қўйиши учун ҳеч бўлмаса 1 кун муҳлат берилишини сўраб, уларга қарздорликни бартараф этиш юзасидан ёзма равишда огоҳлантириш хати берилмаганлигини ҳам эслатади. Лекин газ идораси ходими ўтказилган хатлов огоҳлантириш хати ўрнини босишини, истеъмолчига берилган муҳлат тугаганлигини айтади ва далолатнома тузиб хонадонни газ тармоғидан узади.
Бироқ амалдаги тартиб қоидаларга кўра (Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 июлдаги 484-сон қарори билан тасдиқланган “Истеъмолчиларни электр энергияси ва табиий газ тармоқларидан узиб қўйиш тартиби тўғрисидаги Низом”), электр энергияси ва табиий газдан қарздорликлари мавжуд бўлган истеъмолчилар ёзма равишда огоҳлантирилишлари, унга кўра қарздорликни бартараф этиш учун 5 кун муҳлат берилиши, мазкур муддат ўтгач ҳам истеъмолчи қарздорликни бартараф этмаса хонадонни тармоқдан узиш бўйича ишларни олиб боришлари лозим эди. Юқоридаги ҳолатда эса истеъмолчига ёзма равишда огоҳлантириш хати берилмаган, шунингдек хатлов ўтказилганининг 3 кунида тармоқдан узилган.
Туман жамияти томонидан истеъмолчи мурожаатини ўрганиш натижаларига кўра, газ идораси ходимлари томонидан амалдаги тартиб қоидаларни бузилиши ҳолати бўйича туман прокуратурасига маълумотнома чиқарилиб, истеъмолчини қайтадан тармоққа улаш чоралари кўрилди.
Яна бир ҳолат. Хонобод маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи М.Алиқулов туман жамиятига ёзма мурожаат қилиб, хонадонидаги суюлтирилган газ баллони 3 ойдан бери алмаштириб берилмаганидан норозилигини билдирган.
Мазкур ҳудудда ўтказилган ўрганиш, шунингдек мурожаат эгасининг қўни-қўшниларидан сўраб суриштириш давомида, уларнинг суюлтирилган газ баллонлари бир ҳафта олдин тўлдириб берилганлиги (тўласига алмаштириб кетилганлиги), шу куни М.Алиқуловлар хонадонида ҳеч ким бўлмагани сабабли уларнинг газ баллонларини олиб кетишниннг имкони бўлмаганлиги маълум бўлди.
Ўрганиш доирасида мазкур хонадонни суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Юқоридаги ҳар икки ҳолатда фуқароларга, шунингдек масъул ходимларга “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун бўйича тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилди, истеъмолчиларга эса тегишли соҳа мутахассислари томонидан табиий ва суюлтирилган газдан фойдаланишда техника хафсизлиги қоидаларига амал қилиш юзасидан қўшимча тушунтиришлар ҳам бериб ўтилди.
Шавкатжон Саидов
Ёзёвон туман ИҲҲҚЖ бош мутахаcсиси
Post Comment