Уч йиллик кафолат билан сотилган товар уч ойда иш кўрсатди
Тошлоқ тумани Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Т. Иброҳимов яхши ниятлар билан оиласи учун Фарғона шаҳридаги “Гарант мебеллари” масъулияти чекланган жамиятига қарашли савдо дўконидан харид қилган Shivaki русумли телевизори уч ой ичида яроқсиз ҳолатга келиб қолган.
Истеъмолчининг жамият ходимларига тушунтиришича, сотувчи дўкондан истеъмол кредити шартларида, нархини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан 3 600 000 сўмга сотиб олинган мазкур телевизорни 3 йиллик кафолат муддати борлигини айтган. Лекин телевизорнинг “ўн гулидан бир гули очилмай”, уч ойдаёқ “тоби қочган”. Истеъмолчи мазкур масалада сотувчи билан музокарага киришиб, ўз қонуний ҳуқуқларини тўлақонли рўёбга чиқара олмагач, Тошлоқ туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига оғзаки равишда мурожаат билан келган.
Амалдаги қонунга кўра, товарда кафолат муддатида топилган нуқсонларни сотувчи истеъмолчи тегишли талаб қўйган пайтдан эътиборан йигирма кун ичида, ишлаб чиқарувчи эса, ўн кун ичида бепул бартараф этиши лозим. Сотувчи (ишлаб чиқарувчи) нуқсонларни бартараф этишнинг шартномадан келиб чиқадиган муддатларидан ортиқ кечиктирилган ҳар бир кун учун товар нархининг бир фоизи миқдорида истеъмолчига неустойка (пеня) тўлайди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида томонларга қонунчиликнинг юқоридаги талаблари, шунингдек сотувчи ва истеъмолчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар олиб борилди. Натижада фойдаланиш жараёнида нуқсони аниқланган телевизор сотувчи томонидан бепул таъмирлаб берилиб, истеъмолчининг қонуний талабини қондирилишига эришилди.
Хуснидахон Якубова
Тошлоқ туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment