Размери мос келмаган кийимнинг пули қайтарилди
Ўзбекистон тумани Қудаш маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи истеъмолчи Х.З. дан келиб тушган мурожаатда айтилишича, у Қўқон буюм бозорида жойлашган дўконларнинг биридан ўзи учун аёллар халатини 90 минг сўмга сотиб олган. Лекин уйга келиб кийиб кўрганида размери унга бироз мос келмаган. Олди-сотди жараёнида сотувчи “Мос келмаса алмаштириб бераверамиз”, дегани сабабли халатни дўконга алмаштириш учун қайтариб келган. Сотувчи ундан товарни олиб қолган бўлсада, алмаштириб бериш ишлари ортга суриб келинган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига асосан шартномага кўра сотувчи истеъмолчига муайян миқдордаги ва мақбул сифатли товарни мулк қилиб топшириш мажбурияти олади.
Қонуннинг 18-моддасига асосан эса, истеъмолчи мақбул сифатли ноозиқ-овқат товарини харид қилган кунидан эътиборан ўн кун ичида ушбу товар сотиб олинган жойдаги сотувчидан уни айни шундай товарга алмаштириб олишга бундай товар сотувда бўлмаса, пулини қайтариб олишга ҳақли.
Истеъмолчи мурожаатини Ўзбекистон туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти тамонидан ўрганиш ишлари давомида сотувчига қонуннинг ана шу талаблари тушунтирилди. Тушунтиришлардан тўғри хулоса чиқарган сотувчи истеъмолчига товар учун тўланган пулни тўлиғича қайтариб берди.
Исомиддин Аббосов
Ўзбекистон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment