Қарзим бўлмасада қарзсан дейишганди
Федерациянинг Риштон тумани жамиятига Оқер МФЙ Янги ҳаёт кўчасида яшовчи О. Жабборовдан мурожаат келиб тушди. Мурожаатда баён қилинишича, “Риштонтумангаз” бўлими томонидан унга 817 389 (саккиз юз ўн етти минг уч юз саксон тўққиз) сўм қарздорлик мавжудлиги бўйича огоҳлантириш хати берилган. Истеъмолчи эса ушбу миқдорда қарздорлик йўқлигини, ҳолатга аниқлик киритиб берилишини сўраган.
– Огоҳлантириш хати олишимдан бир ой олдин “Риштонтумангаз” бўлимига келиб, истеъмол қилинган табиий газ учун тўловларни идора компьютер оператори билан солиштирма қилгандик. Шундан сўнг 200 000 (икки юз минг) сўм тўлов қилганман, – дейди О. Жабборов ўз мурожаатида.
Истеъмолчи мурожаати асосида ўтказилган ўрганишларда, тумангаз идораси “Биллингаз” дастуридан олинган кўчирма ҳамда фуқаронинг ҳақиқатда амалга оширган тўловлари бўйича қўлида мавжуд чеклари асосида қайта ҳисоб-китоб ишлари ўтказилганда, фуқарога юборилган огоҳлантириш хатида кўрсатилган қарздорликнинг асоссизлиги маълум бўлди.
Мурожаат эгасига бу ҳақда маълум қилиниб, асоссиз қарздорликни газ идорасининг “Биллингаз” дастуридан олиб ташланишига эришилди.
Хусниддин Латипов
Риштон туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment