Муаммоларнинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш борасидаги хулоса ва таклифлар
– мустақил тадқиқотдан кўзланган мақсад нима?
– муаммоларнинг энг асосий сабабларидан бири тўлақонли маълумот берилмаётганлигида(ми)?
– ҳуқуқий билим етишмаслигига қонун сабабчими ёки истеъмолчиларимизнинг маърифатли бўлишидан манфаатдор эмасмизми?
– истеъмолчи тушунчасини фуқаро (жисмоний шахс) доираси билан чеклаб қўйилиши қанчалик тўғри?
– муаммони энг қуйида ҳал қилиш йўли турганда идорама-идора юришимиз тўғрими?
– истеъмолчилар жамоат бирлашмаларига ҳуқуқ ва ваколатлар беришдан нега чўчиймиз?
Шу ва шулар ҳақида қуйида ўқинг!
Бозор иқтисодиётини соат механизмига қиёслагим келади. Ана шу механизмнинг қайсидир детали ўз функциясини тўғри бажармаса ёки унга бегона бўлган детал зўрлаб тиқиштириб қўйилса, у ўз-ўзидан нотўғри ишлай бошлайди ёки умуман тўхтаб қолиши ҳам мумкин. Демак, механизмнинг ҳар бир детали ўз ўрнида бўлмоғи ва ўз функцияларини тўғри уддаламоғи лозим.
Яна бир ўхшатиш. Ушбу механизмни нима ёки қандай куч ҳаракатга келтиради? Бу зарурий деталнинг номи истеъмолчидир. Товарлар ишлаб чиқарилар экан, хизматлар кўрсатилар экан, уни кимдир истеъмол қилиши керак. Истеъмол бўлмас экан, ушбу фаолиятнинг ҳам кераги бўлмайди.
Демак, бозор иқтисодиётини ҳаракатлантирувчи куч сифатида истеъмолчи марказий ўринда туради.
Ривожланган Жанубий Кореяда “consumer centered management”, яъни “мижозларга, уларнинг талабларига йўналтирилган бошқарув” деган фан даражасида кўриладиган соҳанинг мавжудлиги ҳам бежизга эмас. Буни қисқача мазмуни шундан иборат эканки, агар газ плитаси лозим даражада ишламаса, улар бунинг сабабини, айбни истеъмолчидан, газ босимидан, об-ҳаводан қидиришдан кўра, ана шу газ плитасини амалдаги шароитда ишлай оладиган даражага келтириш устида бош қотирар эканлар.
Мен “Бугунги кунда истеъмолчиларни қийнаб турган муаммоларнинг келиб чиқишини асосий сабаблари, уларни келтириб чиқараётган омилларни ўрганиш ва ёритиш” лойиҳаси бўйича мустақил тадқиқот олиб бордим. Бу ишни амалга ошириш доирасида Фарғона вилоятидаги соҳага дахлдор идоралар мутахассислари билан фикрлар алмашилди, аҳоли ўртасида сўровнома ўтказилди, истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларни ва уларда кўтарилаётган муаммоларни таҳлил қилинди, шахсий кузатувлар ва соҳада меҳнат фаолияти олиб бориш давомида тўпланган тажрибага асосланилди.
Олиб борилган ишларнинг якуни бўйича фикр ва мулоҳазаларни эса Сиз билан ўртоқлашмоқчиман. Қуйида матнда “Қонун” дейилганда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни, “Маъмурий жавобгарлик кодекси” дейилганда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси назарда тутилади.
Муаммоларни келтириб чиқараётган сабаб ва омиллар
Истеъмолчининг энг асосий ҳуқуқларидан бири маълумот олиш ҳуқуқидир. Лекин кўча-куйда, идора ва ташкилотларда унинг бу ҳуқуқи қай даражада таъминлаб берилмоқда? Аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномамизда ҳам унда қатнашган респондентларнинг 26,3 фоизи муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларидан бири сифатида айнан “Истеъмолчига олди-сотди (иш ва хизматлардан фойдаланиш) жараёнида шу товар (иш, хизмат)га оид бўлган, етарли даражадаги маълумот берилмаслиги”ни белгилаган.
Айрим савдо дўконларига кирсангиз товарларнинг, ошхоналарга кирсангиз тайёр таомларнинг нархлари ёзиб қўйилмаган. Бозорнику қўяверинг. Сартарошга соч-соқолингизни олдирмоқчи бўлсангиз хизмат нархларини олдиндан сўраб олишга мажбурсиз. Автобус бекатига келсангиз бу ердан қандай йўналишлардаги автобуслар ўтишини ўтган кетганлардан сўрамасликнинг иложи йўқ. Автобусга чиқсангиз тушадиган бекатингизни қайта–қайта эслатиб борасиз, чунки ҳайдовчи кўпинча қайси бекатга тўхтаганлигини эълон қилиб бормайди. Вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ўқитувчи ёки боғча тарбиячисини қўлида тиббий кўрикдан ўтиш билан боғлиқ ҳаражатлар кимнинг ҳисобиданлиги тўғрисида аниқ маълумот йўқ. Аксарият товарлар сотилгандан сўнг қайтариб олинмайди, лекин сотувчилар олди-сотди амалга ошиилаётганда Сизга бу ҳақда маълумот бермайди.
Хуллас, куни бўйи “Қанча?”, “Неча пул?”, “Қаерга?” каби саволларни бераверасиз-бераверасиз. Сотувчи (хизмат кўрсатувчи) ходим ҳам керакли маълумотни кўзга кўринарли жойга осиб қўйишдан кўра, кун бўйи жавраб ўзиниям, асаблариниям тугатиш йўлидан кетаверади.
Қисқа қилиб айтганда, бугун истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи етарли даражада, тўлақонли таъминлаб берилаяпти, дея олмаймиз.
Истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқини таъминлаб берилмаганлиги учун ҳеч қандай ҳуқуқий таъсир чоралари йўқми, дейишингиз мумкин?
Бор. Амалдаги Қонуннинг 27-моддаси иккинчи қисмида, “Ишлаб чиқарувчининг (ижрочининг, сотувчининг) мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар … истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик … учун маъмурий жавобгарликка тортилади”, деб белгилаб қўйилиб, Маъмурий жавобгарлик кодексининг 178-моддасига ҳавола берилади.
Фуқаролик кодексининг мазкур моддаси еттинчи қисмида “… истеъмолчиларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик … ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан етти бараваригача, мансабдор шахсларга эса — етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади” деб белгилаб қўйилган.
Бугун қонунчиликнинг шу нормаси кенг миқёсда ва оммавий равишда қўлланилаяптими? Йўқ.
Тўғри, кўпчилик муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини бу борадаги ҳуқуқий билимсизлик билан ҳам боғлайди. Хусусан, аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномамизда респондентларнинг 25,5 фоизи “Аҳолида истеъмолчилик соҳасига оид билимларнинг етишмаслиги, бу борада етарли даражада таълим берилмаслиги”ни энг асосий сабаблардан бири қилиб кўрсатганлиги ҳам бежизга эмас. Лекин бу ерда ана шу билим ва таълим олиш ҳуқуқи Қонунда акс этганми, деган савол ҳам туғилади.
Афсуски, 1996 йилда қабул қилинган ва бугун амалда бўлган Қонунда истеъмолчининг билим ва таълим олиш ҳуқуқи ўз аксини топмаган. Тўғри, кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарорининг 7-банди билан қонундаги ушбу етишмовчиликни ўрнини тўлдиришга уринилган дейиш мумкин.
Лекин қонуннинг тўлақонли бўлиши учун ушбу нормани нега қонунда алоҳида ёки прим модда сифатида акс эттириш мумкин эмас?
Нега бу ерда билим ва таълим деган тушунчаларни алоҳида қўллаётганлигимга тўхталсам. Россия қонунчилигида ушбу норма “право на просвещения”, яъни “маърифатли бўлиш ҳуқуқи” тарзида келтирилиб, унга алоҳида модда ажратилган ва шу моддада истеъмолчининг таълим олиши давлат таълим стандартлари ва таълим дастурларига тегишли талабларни киритиш йўли билан, истеъмолчининг билим олиш ҳуқуқи эса тизимли равишда маълумотлар бериш йўли билан таъминлаб берилиши кўрсатиб ўтилган.
Ривожланган давлат Жанубий Корея қонунчилигида эса истеъмолчининг билим ва таълим олиш ҳуқуқлари алоҳида берилади. Яъни “товар (иш, хизматлар)ни танлаш билан боғлиқ зарурий билим ва маълумотга эга бўлиш ҳуқуқи”, “истеъмолчи сифатида самарали ҳаёт кечириши учун зарур бўлган таълимни олиш ҳуқуқи” сифатида келтирилиб, товардан самарали ва оқилона фойдалана олиш билимини ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан берилиши лозимлиги, таълим эса тегишли равишда давлат таълим стандартлари, таълим дастурлари ва тегишли ташкилотлар томонидан берилиши кўрсатиб ўтилади. Менимча бу ерда Корея модели маъқулроқ.
Муаммоларни келиб чиқиш сабабларини ўрганиш бўйича олиб борган тадқиқотларимда, амалдаги Қонун бугунги кун талабларига тўлақонли жавоб бера олаяптими, деган саволга ҳам эътибор қаратдим. Мутахассислар билан фикрлар алмашдим. Аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномада ҳам уларга ушбу савол билан мурожаат қилинди. Респондентларнинг 48,1 фоизи Қонун бугун кун талабларига тўлиқ жавоб бера олмаяпти, деган жавоб вариантини белгилашлари учун ҳам асослар етарли деб ўйлайман. Нега? Келинг мисолларга тўхталайлик.
Қонуннинг биринчи моддасидаёқ истеъмолчи термини (унга берилган таъриф)ни ўзи айрим саволларни келтириб чиқаради. Терминга берилган таърифнинг асосида “фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда” деган тушунча ётади. Яна юқоридаги таърифда “фуқаро (жисмоний шахс)”, деб доира янада торайтирилади. Таърифда “сотиб олувчи, шу ниятда бўлувчилар” бор, лекин амалда “фойдаланаётганлар” йўқ.
Россия қонунчилигида эса бунга “тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолда” деб тушунарлироқ ва аниқроқ йўналиш берилган. Лекин уларда ҳам “гражданин” (фуқаро) деб истеъмолчилар тоифасига кирувчилар доираси бироз торайтирилган. Лекин товар (иш, хизмат)дан амалда “фойдаланувчилар” ҳам истеъмолчи эканлиги кўрсатиб ўтилган. Корея қонунчилигида эса доирани торайтирувчи бундай тушунчани ўзи йўқ. Товар (иш, хизмат)лардан фойдаланувчиларга истеъмолчи деб таъриф берилиб, истеъмолчиларнинг доираси кенгроқ олинади.
Бу билан нима демоқчиман? Амалдаги қонунчилик талабидан келиб чиқилса, ўз ариза ва шикоятлари билан турли идораларга келган аксарият одамларни “Сиз бу ҳолатда истеъмолчи эмассиз”, деган важ билан қайтариб юбориш мумкин. Яна бу менинг шахсий фикрим.
Қонуннинг ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)нинг мажбуриятлари билан боғлиқ 5, 6, 7, 8, 11-моддаларидаги мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ ҳолатлар учун жарима назарда тутилади (27-модда). 14 (нуқсонли товарни алмаштириш), 15 (бепул таъмирлаш), 19 (иш бажариш, хизмат кўрсатишда шартнома шартлари бузилиши)-моддаларидаги мажбуриятларни бажармаслик эса неустойка (пеня) ундиришга сабаб бўлади.
Амалдаги қонунчиликдан бизга маълумки, мазкур неустойка (пеня) суммаси товар баҳосининг 50 фоизига етиб борганда тўхтайди. Россия қонунчилигида ана шу неустойка (пеня) суммаси товар (иш, хизмат) баҳосига қадар қилиб белгиланган.
Россия қоиунчилигига “удовлетворения требований потребителя в добровольном порядке”, яъни “истеъмолчи талабини ихтиёрий равишда бажарилиши (қондирилиши)” шартлиги тўғрисидаги норма киритилган бўлиб, жаримани қўллашда барча ҳолатларда ана шу нормани бажарилмаганлиги нуқтаи назаридан келиб чиқилади. Бу эса ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)ни истеъмолчи талабини бажармагандан кўра, ихтиёрий равишда бажариш (қондириш)дан кўпроқ манфаатдор қилади.
Шунинг билан биргаликда, Россия аҳолисида ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)га ўз қонуний талабларини ёзма равишда бериш (*претензия – эътироз хати шаклида) одати шаклланган бўлиб, бу қонуний талаб билдирилган кун (соат, агар соатларда белгиланган бўлса)ни белгилаб олишда асос вазифасини ўтайди. Истеъмолчи эътироз хати бергандан сўнг ҳам талаби бажарилмаса, ушбу эътироз хатини илова қилиб истеъмолчилик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ваколатига эга бўлган идораларга ариза, шикоят беради. Бунинг натижасида аризани кўриб чиқувчи ташкилотга ҳам неустойка (пеня)ни ҳисоблаб чиқиладиган кун (соат, агар соатларда белгиланган бўлса)ни белгилаб олиш нуқтаси аниқ ва равшан бўлади.
Бизда эса аҳоли ўз эътирозини асосан оғзаки равишда билдиради. Бир кун боради, икки кун боради, бир ой қатнайди, лекин эътироз хатини беришни ўйламайди. Шу ҳолатда юриб-юриб, бирор идорага ариза ёки шикоят ёзилади. Албатта, бу ўринда аҳолимизни айблашдан йироқмиз, авваламбор уларга эътироз хатини қандай ёзиш ўргатилиши ва унинг афзалликлари тушунтирилиши керак.
Қонун бўлар экан, унинг ижроси таъминланмоғи керак. Бунинг учун эса қонун нормаларида жамоатчилик назорати билан боғлиқ нормаларга кенг ўрин берилиши керак. Амалдаги қонунимизда мазкур соҳада амалда жамоатчилик назоратини олиб бораётган истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва уларнинг қонун ижросидаги ўринларини белгилаб берувчи нормалар етишмаяпти.
Амалдаги Қонуннинг 4-моддасида истеъмолчилар жамоат бирлашмаларини тузишлари мумкинлиги, 30-моддасида эса истеъмолчиларнинг бирлашмалари ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширувчи жамоат бирлашмаларидир, деган нормаларни киритилиши билан чекланилган.
Муаммоларни келиб чиқишига сабаб бўлаётган омиллардан яна бири бу инсон омилидир. Биргина мисол, бугунги кунга қадар коммунал соҳада келиб чиққан кўплаб муаммоларга инсон омили сабаб бўлганди. Лекин бугунги кунда автоматлаштирилган тизимларни кенг жорий этилиши бу муаммоларнинг айримларини бирин-кетин йўққа чиқармоқда.
Шунинг биргаликда, автоматлаштирилган тизимларни кенг жорий этилиши билан, бу соҳада ҳам келгусида турли муаммолар келиб чиқишидан ҳеч ким ҳимояланмаган. Шундай ҳолатда бунга “Компьютер дастури айбдор”, деб ўтирилмаслиги керак. Бунинг учун ҳозирдан амалдаги қонунга Россия қонунчилигидаги каби “владелец агрегатора”, яъни синхрон таржима қилганда “маълумотлар йиғувчиси” тушунчаси киритилиши лозим.
Мен тадқиқот доирасида истеъмолчилик соҳасига оид муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётган энг асосий омиллардан “монополиялар”, “хуфёна иқтисодиёт” ва бошқа шу каби жуда кўпчилигимизга тушунарли бўлган ҳолатларга алоҳида тўхталиб ўтирмадим. Зеро, бундай салбий иллатларнинг йўқ бўлиб кетишига соғлом рақобат муҳитини яратилишининг ўзи кифоя қилади.
Хулоса ва таклифлар
– истеъмолчининг маълумот олиш ҳуқуқи таъминлаб берилиши бажарилиши шарт бўлган нормалигидан, маълумот берилмаслиги ёки етарли даражада берилмаслиги кундалик турмушда турли муаммоларни келтириб чиқараётганлигидан келиб чиқиб, тегишли идоралар томонидан мазкур йўналишдаги ўз мажбуриятларини бажармаётган хўжалик юритувчи субъектларга бу борада таъсирчан ҳуқуқий механизмлар борлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш, лозим ўринларда таъсир чораларини қўллаш;
– муаммоларни келиб чиқиши сабабларидан бири бўлган ҳуқуқий билим етишмаслигини бир қадар бартараф этиш, бу борада ижобий натижаларга эришиш мақсадида қонунга истеъмолчиларнинг билим ва таълим олиш ҳуқуқларини белгилаб берувчи нормаларни киритиш;
– келгусида аҳолининг, шунингдек истеъмолчиларга товарлар сотаётган (хизматлар кўрсатаётган) субъектларнинг ҳуқуқий билимлари ошиб бориши жараёнида турли тушунмовчиликлар келиб чиқмаслиги учун, қонундаги истеъмолчи таърифини Россия қонунчилигидаги таъриф шаклига келтириш (ёки агар уларнинг доирасини кенгайтириш лозим бўлса, Корея қонунчилигида келтирилган таърифни бериш);
– қонунбузилиши ҳолатлари содир этилганлиги учун катта-катта миқдорда жарималар қўллаш амалиётидан воз кечган ҳолда, Россия қонунчилигидаги каби истеъмолчи талабини ихтиёрий равишда бажариш (қондириш) шартлиги бўйича нормалар билан бойитиб, товар баҳоси миқдорида жарима қўллаш амалиётини киритиш, шунингдек талабларни бажариш кечиктирилган кун (соат)лар учун ҳисоблаб бориладиган неустойка (пеня) суммасини ҳам товар баҳосига тенг миқдоргача қилиб белгилаш;
– истеъмолчиларнинг ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) устидан тўғридан-тўғри бирор идорага шикоят қилиш ҳуқуқини истисно этмаган ҳолда, улар ўртасида биринчи навбатда ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи)га ўз эътирозларини, қонуний талабларини оғзаки билдириш эмас, балки ёзма, эътироз хати шаклда билдирилишининг қулайлик ва афзалликлари тўғрисида тушунтиришлар олиб бориб, буни одатий ҳол тусига айлантириш (бунинг да муаммони энг қуйида ҳал қилиш учун бизнинг назаримиздан четда қолаётган каттагина имконият яширинган);
– Россия (“Государственная и общественная защита прав потребителей” – “Истеъмолчилар ҳуқуқларини давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан ҳимоя қилиниши”) ва Корея қонунчиликларида (“Consumer organisations” – “Истеъмолчилар ташкилотлари”) истеъмолчиларнинг жамоат бирлашмалари учун алоҳида моддалар ажратилиб, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари юзасидан аниқ ва тиниқ тушунтиришлар бериб ўтилганлигини инобатга олиб, амалдаги Қонунга тегишли қўшимчаларни киритиш;
– шиддат билан ривожланиб бораётган автоматлаштирилган тизимлар у бўйича қонунга тегишли нормалар киритилишини ҳам талаб қилишини эътибордан четда қолдирмаслик. Хусусан, “маълумотлар йиғувчиси” термини (бошқача аталиши ҳам мумкин) қонуннинг 1-моддасидаги асосий тушунчаларга киритилиши ҳамда ишлаб чиқарувчи (сотувчи, хизмат кўрсатувчи)ларнинг тегишли мажбуриятлари кўрсатилган барча моддаларда ва ўринларда кўрсатиб ўтилиши кераклигига эътибор қаратиш.
Шу ўринда савол туғилади. Муаммоларнинг сабаблари нега Эшмат, Тошмат дуч келган муаммо мисолида эмас, балки қонунчиликдан қидирилмоқда? Чунки авваламбор, қонун мустаҳкам ва пишиқ бўлиши, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бера олиши керак. Шунда кўплаб муаммолар ҳам ўз-ўзидан ечимини топиб кетади.
Мен тадқиқот доирасида олиб борилган ишларга ўзларининг амалий ёрдамларини кўрсатган ташкилотларга, шунингдек ўзларининг беғараз маслаҳатларини берган мутахассисларига ўзимнинг самимий миннатдорчилигимни изхор қиламан.
Такрорлаш бўлса ҳам бир нарсага урғу бериб ўтишни ҳоҳлардим. Биз – ишчи, хизматчи, ўқувчи, ўқитувчи, депутат, прокурор, ҳарбий хизматчи, қўйингки ким бўлишимиздан қатъий назар, барчамиз истеъмолчимиз. Зеро, барчамиз истеъмолчи эканмиз, демак бу борадаги ишларнинг нақадар тўғри ташкилланиши ва самарадор бўлишидан барчамиз манфаатдормиз.
*претензия (эътироз хати) – бу истеъмолчининг ёзма мурожаати бўлиб, у эркин равишда ёзилади ва истеъмолчининг юзага келган ҳолат бўйича ўз эътирозларини ҳамда мазкур ҳолатни бартараф этилиши бўйича қонуний талабларини ўз ичига олади.
Ғайрат Маматқулов
Мустақил тадқиқотчи
Post Comment