Истеьмолчи муаммоси бартараф этилди
Бағдод тумани истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Самарқанд қишлоғида яшовчи фуқаро М.Юлдашованинг мурожаати ўрганилди.
Мурожаатда билдирилишча, истеъмолчи туман марказида жойлашган “Техномарт” савдо марказидан умумий қиймати 2459000 ( икки миллион тўрт юзи эллик тўққиз минг) сўм бўлган “SAMSUNG” А10S русумли мобил алоқа телефони олган. Бироқ ундан фойдаланиш жараёнида телефонда антена чиқмасдан, алоқа тизимида нуқсони борлиги аниқланиб, савдо марказига алмаштириш мақсадида келган. Лекин истеъмолчининг қонуний мурожаати ўрганилмасдан, сотувчи нуқсонли товар алмаштирилмаслиги, балки сервис марказида таъмирлаб берилишини тушунтириш бериш билан чекланган.
Амалдаги “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида нуқсонли товар сотилганда, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига қараб нуқсонли товарни алмаштириш, товар нуқсонларини бепул бартараф этиш, шартномани бекор қилиб кўрилган зарарни қоплаш (пулини қайтариб олиш) ва бошқа шу каби талабларини қўя олади. Ушбу талабларни истеъмолчи сотувчига қўяди.
Бироқ қонуннинг 16-моддасида кўрсатиб ўтилганки, агар сотувчи истеъмолчининг товарни алмаштириб бериш ёки ундаги нуқсонларни бартараф этиш ҳақидаги талабларини бажармаган бўлса, истеъмолчи товарнинг харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтиришни ёки шартномани бекор қилиб етказилган зиён ва маънавий зарарни ушбу Қонуннинг 20 ва 22-моддаларига мувофиқ қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Мурожаатни ўрганиш ишлари давомида сотувчига юқоридаги ҳолатлар тушунтирилди. Товар учун нақд пулда тўланганлиги, олди-сотди амалга оширилгач истеъмолчига касса чеки берилганлиги, кафилликни билдирувчи кафолат талонларини лозим даражада тўлдириб берилганлиги каби ҳолатлар инобатга олинди. Натижа эса ишни истеъмолчи фойдасига ҳал этилиши билан якун топди.
–Бағдод туман халқ қабулхонаси мени мурожаатимни ўрганиш ишларига туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассисларини жалб этишди. Туман жамияти ходимларининг аралашуви билан менга 2459000 сўм пулларим қайтарилди, шу сабабли туман жамияти ходимларига ўз миннатдорчилигимни билдираман, – дейди мурожаат эгаси ўрганиш натижалари билан туман жамияти раиси номига берган миннатдорчилик хатида.
Дилором Мирзаева
Бағдод туман ИҲҲҚ жамияти мутахассиси
Post Comment